Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ҳалоллик вакцинаси ва унинг жамият ҳаётидаги аҳамияти
444
Сир эмаски, бугун мамлакатимизда барча соҳаларда жадал ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасини эса шу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси ўз турмуш тарзида ҳис қилмоқда.

2020 йилнинг энг муҳиим сиёсий тадбирларидан бири бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси бўлди. Боиси унда мамлакатимизни ривожлантиришнинг кейинги 5 йилликдаги устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Мурожатномада жамият ҳаётининг барча соҳалари қамраб олинди. Ушбу йўналишда 3 та дастур, 4 та концепция, 6 та кодекс,15 та қонун ишлаб чиқилиши режалаштирилганлигини ҳам фикримиз исботи сифатида айтиб ўтиш лозим.

Бироқ, шундай омиллар борки, уларни бартараф этмасдан туриб на ижтимоий соҳада на иқтисодий йўналишда тараққиётга эришиш имконсиз. Бу шубҳасиз коррупция иллатидир.

Коррупцияга қарши курашувчи “Transparency International” халқаро ташкилотининг 2019 йилдаги ҳисоботида Ўзбекистон коррупция индекси бўйича 25 баллик кўрсаткич билан 153-ўринни эгаллаган. Бу борада сўнгги йилларда ўсишга эришилган бўлсада натижалар ҳамон мақтангулик эмас.

Шу боисдан мурожаатномада ушбу йўналишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, жамиятда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётга тўсиқ бўлаётгани, унга қарши курашилмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслиги таъкидланди.

Бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича Парламент ва Президентга бўйсунадиган алоҳида давлат органи ташкил этиш таклиф этилди.

Қайд этиш лозимки, дунёда коррупцияга қарши кураш бўйича турли давлатларда турлича усулда иш олиб борилади. Масалан, баъзи давлатларда коррупционерлар ўлим жазосига ҳукм қилинса, айримларида коррупция ҳақида асосли хабар берган шахсларни рағбатлантириш усули қўлланилади. Шунингдек, бошқаларга ибрат бўлиши учун коррупцион жиноятларни содир этилган шахслар ҳақида у қайси даражадаги амалдор бўлишидан қатъий назар оммавий ахборот воситаларида ўта танқидий материаллар тарқатиш амалиёти ҳам мавжуд.

Хўш, Мурожаатномада тилга олинган “ҳалоллик вакцинаси” ўзи нима ва уни қаердан топиш мумкин деган ўринли савол туғилади. Фикримча, ҳалоллик вакцинаси аввало ҳар бир оилада бўлиши лозим. Чунки, Оила-муқаддас даргоҳ. Оила-жамиятнинг бош бўғинидир. Унда ватаннинг эртанги куни, миллатнинг келажаги бўлган ёш авлод камол топади. Бу ўринда оилада фарзанд тарбияси учун масъул бўлган ота-она зиммасига катта масъулият юкланади. Зеро, буюк бобокалонимиз Абдулла Авлоний айтганидек: “Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Бу сўзлар бугунги кунда ўз аҳамиятини заррача йўқотмаган. Бундан ташқари ота-она ҳам фарзанди учун шахсий намуна бўлиши лозим.

Шу билан биргаликда ҳар бир корхона ва ташкилотларда унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар ҳуқуқий маданият юксак даражада бўлиши, ходимларда эса коррупцияга қарши муросасиз кайфият шаклланиши лозим.

Навоий вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Кенгаш йиғилишида ҳам бошқарма раҳбарияти ва Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан айни шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, коррупцияга қарши кураш мақсадида тизимда бир қатор ишлар олиб борилаётганлиги, содир этилган ҳар қандай ноқонуний
хатти-ҳаракатлар учун таъсирчан чоралар кўрилиши, коррупция элементлари ёки қонунбузарликка мойиллиги бўлган ходимларга божхона органларидан ишдан бўшатишгача бўлган жазо чоралари қўлланилиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилди.

Танқидий руҳда бўлиб ўтган хизмат йиғилишида Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан бошқармада ташкил этилган коррупцияга қарши курашиш комиссияси ролини кучайтириш лозимлиги, шу билан биргаликда ҳар бир ходим ўзида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантириши зарурлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, коорупцияга қарши муросасиз курашилмас экан, ҳеч бир соҳада тараққиёт бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу масалада жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари шахсий намуна бўлиши лозим.

 

 

19.02.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг