Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Икки йўлакли тизим шароитида профайлинг усулидан фойдаланиш самараси ёхуд ИНСОНни ўрганиш
3004
Бугун божхона хизмати ҳар томонлама “ақлли” технологиялар билан қуролланмоқда, автоматлашмоқда, онлайн режимда ишлашга босқичма-босқич ўтмоқда. Мақсад аниқ - божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш орқали ТИФ иштирокчиларига ишлаш учун кўпроқ имконият бериш, уларнинг божхона постларида ортиқча вақт сарфлаб туриб қолишларига йўл қўймаслик.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ҳам шулар жумласидандир. Айтиш лозимки, мазкур қарорнинг асосий мақсади фуқароларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш шароитларини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, божхона расмиятчилигини соддалаштириш, назоратнинг самарали усулларини қўллаш, шунингдек, туризмни ривожлантириш учун янада қулай шароитларни яратиш мақсадида қабул қилинган бўлсада лекин хавфсизлик борасида божхона ходимларидан кўпроқ масъулият ва сергакликни талаб қилади. Фараз қилинг, бир кунда божхона постидан ўтаётган минглаб фуқаролар орасидан айни гиёхванд моддасини ёки бошқа ҳуқуқбузалик предметларини олиб ўтаётган шахсни топиш мумкин?

Бу эса, табийки божхона ходимидан инсон руҳиятини, психологик ҳодисалар қонуниятларини билишини, шу билан бирга, янги давр психологияси талабларига мос равишда, аввало, ўзини, ўз психологик имкониятларини яхши  ўзлаштириши лозим бўлади.

Бу борада халқаро тажрибани ўрганар эканмиз, ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида реал хавфларни таҳлил этиш борасида замонавий психология усулларидан бири ҳисобланган ва тан олинган профайлинг тизимидан самарали  фойдаланиб келинаётганлигини гувоҳи бўламиз.

Профайлинг – инглизча “profile” сўзидан олинган бўлиб, профиль, соҳа, йўналиш маъноларини англатади.

Унинг асосий методологияси жиноят содир этган ёки содир этишга қасд қилган шахснинг  ташқи кўриниши, ўзини тутиши, вербал ва новербал хулқ-атвори, хусусий белгилари билан тавсифланади. Мавжуд маълумотларни таҳлил қилиш ва баҳолаш орқали шахснинг жиноятга дахлдор-дахлдор эмаслиги аниқланади.

Бу усул ёрдамида божхона ходими психология қонуниятларига таянган ҳолда шахслараро муносабатга киришади. Профайлинг жараёнида ходимнинг билиш сифатлари (хотира, диққат, идрок, сезги, тафаккур, хаёл) иштирок этади. Бу жараёнлар ходимнинг мантиқий фикрлаши, ҳолатни ўтмишдаги вазият билан боғлаши, ўзаро солиштириш ва қиёслаш малакаси, объект ва шарт-шароитни мукаммал идрок этишига ёрдам беради. Ушбу усулнинг афзаллиги шундаки, у қисқа фурсат ичида шахс ҳақида тўлиқ ахборот беради.

Профайлинг усули инсонларнинг айнан профиль кўринишлари ва улар хулқ-атворининг тузилишига қаратилган ва уни ўрганишга йўналтирилган тадқиқот соҳасидир. Профайлинг усулининг методологик асосини айнан инсонларнинг ноодатий ҳаракатлари, ташқи кўринишидаги баъзи белгилари, ўзларини тутишлари, гапириш оҳанги, суръати ва бошқа хабар берувчи аъзоларининг ўзига хос хислатлари ташкил этади. Масалан,  ходим бирор-бир контрабанда ашёсини божхона пости орқали олиб ўтмоқчи бўлган шахснинг юз профили, умумий ва хусусий ҳаракатлари, ҳужжатлари, олиб ўтаётган буюмларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш орқали “мижоз”нинг хавфли ёки хавфли эмаслигини тезда баҳолаши керак бўлади. 

Умуман олганда, профайлинг тизимининг божхона органлари фаолиятидаги аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:

  • божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахсларни назоратдан ўтказиш;
  • давлат ва жамият хавфсизлигини таъминлаш;
  • назоратдан ўтаётган фуқаролар самимийлигини аниқлаш;
  • хизмат текшируви ва суриштирув жараёнларида адолат қарор топишини таъминлаш;
  • шахсий таркиб ўртасида ҳақиқий психологик муҳитни шакллантириш;
  • божхона органларида иш самарадорлигини ошириш ва божхона назоратини такомиллаштириш.

Бир сўз билан айтганда, икки йўлакли тизимда божхона хизмати ходимлари фаолиятида профайлинг усули фавқулодда вазиятларда ҳиссий ҳолатларни бошқариш ҳамда шубҳали шахсга қарши таъсир кўрсата олиш қобилиятини шакллантиради.

 

АЗАМАТЖОН ЎРИНБОЕВ,

Андижон вилояти божхона бошқармаси бош инспектори

 

МИРЗААКРАМ ҚОДИРОВ,

Божхона институти Тил ва психологик тайёргарликни ривожлантиришмаркази ўқитувчиси

22.07.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг