Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар “Диёр интервью” дастурида таҳлил этилди
2723
Мулоқот давомида бугунги кунда Муҳтарам Юртбошимизнинг Коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва унинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фармон ва қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўз борди.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган ишлар “Диёр интервью” дастурида таҳлил этилди

Жумладан, экспорт-импорт юкларини карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда божхона расмийлаштирувидан тезкорлик билан ўтказиш, шунингдек, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини тезлаштириш бўйича сифатли божхона хизмати жорий қилинган.

Ҳозирги мавжуд эпидемиологик вазиятда ташқи савдо юклари белгиланган санитария қоидаларига риоя этилган ҳолда, қисқа муддатларда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилиб, давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланмоқда.

Мулоқот давомида, божхона тўловларидан тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар борасида ҳам тўхталиб ўтилди. 2020 йилнинг январь-июль ойлари давомида импорт қилинган товарларга қонунчиликда белгиланган ставкалар асосида жами 563 млрд. сўм миқдорида божхона тўловлари ҳисобланди.

Шундан 524 млрд. сўм ёки 93,1 % қисмига божхона тўловларидан имтиёз берилди.  Божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри қўлланилишини таъминлаш бўйича Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь-июль ойлари давомида Давлат бюджетига 40 млрд. сўм сўмдан ортиқ божхона тўловлари ундирилиши таъминланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли Фармони қабул қилинган бўлиб, 2020 йил 31 декабрга қадар фармон иловасида кўрсатиб ўтилган 20 хилдаги товарлар олиб кирилганда, божхона божи ва акциз солиғининг ноль фоизли ставкалари қўлланилиши белгиланди. Ушбу товарлар рўйхатидан парранда гўшти, балиқ, шакар, пиёз ва бошқа гигиеник воситалар ўрин олган.

Бундан ташқари, коронавирус пандемияси билан боғлиқ жаҳон иқтисодий инқирозининг тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини ривожлантиришдаги салбий таъсирини юмшатиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5989-сонли Фармони қабул қилинган бўлиб, мазкур Фармон иловасида кўрсатилган хом ашё ва материаллар импорт қилинганда 2022 йил 1 январга қадар божхона божи тўлашдан озод қилинган. Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ушбу Фармон ижроси юзасидан, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатувчи “Мирзачўл Текс Дистрюбийшн” МЧЖга божхона божидан  25,0 млн. сўмлик  имтиёз қўлланилди.

Шу билан бирга, коронавирус пандемияси даврида иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорлик субъектларига товарлар (ишлар, хизматлар) импорт қилишда 90 кун муддатга божхона тўловларини кечиктириш ҳуқуқи билан 720,0 млн. сўмлик имкониятлар берилди.

Шундан сўнг, бугунги кунда энг асосий масалалардан бири экспорт кўрсаткичлари борасида рақамларга эътибор қаратилди. Жорий йилнинг январ-июль ойлари мобайнида Жиззах вилояти товарлар ташқи савдоси жами 216 млн. долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга ёки 30 млн. долларга ошди. Жумладан, экспорт 25,8 млн. долларни, импорт эса 190 млн. долларни ташкил этди.

Экспортнинг асосий қисми, яъни 93 фоизи озиқ-овкат маҳсулотлари, қолган қисмлари эса  турли хил тайёр буюмлар, саноат товарлари, импортнинг асосий қисми яъни 92 фоизи эса транспорт ва асбоб-ускуналар, саноат товарлари, кимёвий воситаларга тўғри келди. Экспорт товарлари жами 23 та давлатларга олиб чиқилган бўлиб, булар Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Хитой, давлатларидир. Ушбу давлатларнинг улуши жами экспортда 76 фоиз ёки 12 млн. долларга тўғри келди.

Хозирги кунда вилоятимиз ҳудудида жойлашган “Жиззах” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошириб келмоқда. Рақамларга этибор қаратадиган бўлсак, “Жиззах” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига 2020 йилнинг ўтган даврида 3104 та автотранспорт воситаларида ва 798 та темир йўл вагонларида келган хорижий юклар белгиланган тартибда божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилган.

Божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида юзага келадиган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат этувчи хужжатларнинг берилишида ТИФ иштирокчиларига яқиндан амалий кўмак бериш мақсадида, бошқарманинг 2020 йил 23 мартдаги 33-сонли буйруғи қабул қилинди. Ушбу буйруққа асосан вилоят божхона бошқармасида Ўзстандарт агентлиги, Карантин, Ветеринария, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари ходимларидан иборат тезкор штаб ва “Call center” ташкил қилинди.

Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари юзасидан  24 соат давомида тегишли маълумотлар бериб борилмоқда. Ҳозирги кунга қадар “Call center” марказимизга тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролардан жами 32 маротаба мурожаатлар келиб тушди.

Мазкур мурожаатларга, бошқарманинг маъсул бўлимлари ходимлари ва тегишли ташкилотлар вакиллари томонидан тушунтиришлар ва амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Қисқача айтганда, бугун бутун дунёни ташвишга солиб келаётган  коронавирус  пандемияси даврида тезкор ва аниқ ҳисоб-китобларга таяниб ишлаш,  мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш божхоначиларнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан биридир. Биз божхоначилар эса бу йўлда туну-кун меҳнат қилишга ҳамда ўз хизмат вазифамизни астойдил бажаришга ҳар доим тайёрмиз.

 

20.08.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг