Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Мамлакатнинг ташқи савдо айланмасида экспорт товарлар улушининг ортиши иқтисодий барқарорлик асосидир
593
2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан қиймати 352,7 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулотлар экспорт божхона режимига расмийлаштирилган. 149,4 миллион АҚШ доллари қийматидаги товарлар импорти амалга оширилган.
Мамлакатнинг ташқи савдо айланмасида экспорт товарлар улушининг ортиши иқтисодий барқарорлик асосидир

Умумий қиймати 502,1 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи республикамиз ташқи савдо айланмасининг 70,2 фоиз товарлар экспортига тўғри келган.

Бу ҳам мамлакатимизда экспортёр корхоналар қўллаб-қувватланиб, уларга кенг имкониятлар тақдим этилаётганининг самарасидир.

Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, артемия цистаси, кунжут маҳсулотлари, пахта толаси, пропилен, қизилмия илдизи ва унинг экстракти, ип калава, кальцинирланган сода ҳамда тери маҳсулотлари дунёнинг Хитой, Россия, Туркия, Қозоғистон, Латвия, Украина каби бир қатор давлатларига экспорт қилинган.

Технологик асбоб-ускуналар, кимё саноати маҳсулотлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари каби умумий қиймати 149 миллион 375 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотлар бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилган. 

Шунингдек, ўтган 2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан божхона тўловларидан 244 миллиард 356 миллион сўм пул маблағлари давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.

Амалдаги қонунчилик талабларига асосан тадбиркорлик субъектларига 2020 йил давомида  жами 236 миллиард 780 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилди.

Юртимизда фаолият юритувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона тўловларидан тақдим этилган имтиёзлар натижасида тежалган маблағларнинг ўз фаолиятларини янада кенгайтиришга, иш ўринлари яратилиб, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўтган 2020 йил давомида бошқарма тасарруфидаги божхона постлари орқали 64 113 та темир йўл вагонларининг ҳаракати кузатилган бўлса, 101 681 та автотранспорт воситаларининг божхона постлари орқали ҳаракати амалга оширилган.     

Шу билан бирга,  2020 йил давомида юртимиз сарҳадларида сергак божхоначиларимиз томонидан божхона соҳасига оид қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 556 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 15 млрд. 334 млн сўмлик товар-моддий бойликлар ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди.  Шундан, жами 17 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси  ходимлари томонидан 2020 йил давомида 5 та ҳолатда қиймати 223 миллион сўмдан ортиқ бўлган сифати кафолатланмаган тамаки маҳсулотлари, 3 та ҳолатда 507 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи дорилар, 9 та ҳолатда 5284,9 грамм (гашиш, марихуана, трамадол) каби гиёҳвандлик воситалари, шунингдек ўқотар совуқ қуроллар тоифасидан 337 дона гильзалар, 15 дона дробларнинг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали кириб келиши ва ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди.

 

 

16.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг