Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди
955
Давлат божхона қўмитасида “26 январь – давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни” муносабати билан тантанали тадбир ташкил қилинди.
Давлат божхона хизмати органлари ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Давлатимиз мадҳияси садолари остида бошланган тадбирда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, шахсий таркиби ва божхона фахрийлари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан божхона соҳасида улкан ўзгаришлар ва туб бурилишлар амалга оширилди.

Мамлакатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ва давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри ундириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2020 йилда 2019 йилга нисбатан 44 фоизга кўпроқ, яъни 24,7 трлн. сўм божхона тўловлари ундирилди.

2020 йилда божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган муҳим қадамлар қўйилди.

“Рақамли божхона” тамойили доирасида божхона органларидаги  ахборот тизимлари 63 тага ва кўрсатилаётган интерактив хизматлар 30 тага етказилди.

Ўтган йилда чегара божхона постларида ҳам жорий қилинган “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида ҳозирда 6 та органнинг 21 та рухсат берувчи ҳужжатларини электрон бериш тартиби жорий қилинди. Натижада, 29 мингдан ортиқ ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари рўйхатга олинди, уларга 500 мингдан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Хавфни бошқариш тизими орқали экспортда 82,9 % импортда   62,4 % юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Кўриклар сони 1,7 мартага камайиб, самарадорлиги 2 баробарга ортди. Вақт сарфи экспортда 4,5 мартага ва импортда 2 баробарга қисқарди.

Божхона юк декларацияларини рўйхатга олишга илгари 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, автоматлаштириш натижасида жараён 5 дақиқада бажарилмоқда.

“Олот”, “Айритом” ва “Яллама” чегара божхона постларида “ягона дарча” тамойили асосида транспорт воситалари ва йўловчиларни халқаро стандартларга мос равишда “қизил” ва “яшил” йўлак орқали ўтказиш, “электрон шлагбаум”, электрон ойна (Information desk), фавқулодда чақирув тизими (SOS) ва банк терминаллари билан жиҳозланди.

Чегараларда самарали назорат ўрнатиш ҳамда бу жараёнга вақт сарфини қисқартириш мақсадида “Айритом” чегара божхона постига “Z-portal” инспекцион-кўрик мажмуаси ҳамда 14 та чегара божхона постларига “боди-сканер” ускуналари ўрнатилди.

Хусусан, “боди-сканер” қурилмалари ёрдамида 4,7 кг. гиёвандлик воситалари, 1,9 кг. заргарлик буюмлари, инспекцион кўрик мажмуалари ёрдамида эса 240 та ҳолатда 115,3 млрд. сўмдан ортиқ ноқонуний товарлар ҳамда транзит тарзда 172,5 кг. гиёванд моддалар аниқланди.

Фаолиятнинг муҳим йўналишларидан бири контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида 6,8 мингдан ортиқ ҳолатлар фош қилинди ва 424,1 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу 2019 йилга нисбатан 2.3 баробарга кўп демакдир.

Масалан, ўтган йилда божхоначилар 280,2 кг гиёвандлик воситаларини тўхтатиб қолишди. 2019 йилда эса бу кўрсаткич 78,5 кг.ни ташкил қилган эди. Бундан ташқари 29 та қурол, 376 дона ўқ, 247,6 минг дона психотроп таблеткалар ва 29,7 минг дона кучли таъсир қилувчи моддалар тўхтатиб қолинди.

Тадбирда соҳада ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, юксак натижаларга  эришган бир гуруҳ божхона ходимлари тақдирланди ва мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Тадбирда сўзга чиққан божхоначилар соҳага кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган шарт-шароитлар учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди, бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишга сўз беришди.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз божхоначилар!

26.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг