Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар қимматбаҳо тошлар ҳамда қадимий танганинг савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳни фош этишди
1267
Республикамиз божхоначилари томонидан тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.
Божхоначилар қимматбаҳо тошлар ҳамда қадимий танганинг  савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳни фош этишди

Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда йирик миқдордаги қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла тангаларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний равишда олиб кириш ва сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ фош этилди.

Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган 5 нафар фуқаролар Чилонзор туманидаги хонадонлардан бирида муқаддам Афғонистондан олиб келинган 2 кг. 531 гр. оғирликдаги “зумрад” қимматбаҳо тошларини 500 минг АҚШ долларига, шунингдек, 8 гр. оғирликдаги 1 дона қадимий тилла тангани 10 минг АҚШ долларига сотишаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Дастлабки ўрганишларга кўра, мазкур ҳолатда ноқонуний олди-сотдидан тўхтатиб қолинган тилла танга эрамизнинг III асрига мансуб бўлиб, Кушон давлатида зарб қилинган.

Шунингдек, ушбу шахслардан бирининг ҳамёнида 3 дона “олмос” тошлари борлиги ҳам аниқланди.

Ҳисоб-китобларга кўра мазкур ҳолатда олиб қўйилган қимматбаҳо тошлар ва қадимий тилла танганинг умумий қиймати жами 16 млрд. 818 млн. сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

28.01.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг