Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Шеърият султони – Мир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда
720
Шеърият султони – Мир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги кенг нишонланмоқда

Туркий тилда ҳеч ким Навоийдек кўп ва хўп шеър

 айтмаган ҳамда назм гавҳарларини сочмаган эди

Абдураҳмон Жомий

Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз, буюк давлат арбоби, шоир ва мутафаккир Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги бу йил ҳам бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Навоий ижоди – ҳикматлар хазинасидир. Навоийнинг буюклиги шундаки, унинг асарларида илгари сурилган ғоялар умумбашарий ва умрибоқий бўлиб, унинг ижод нафаси халқчиликка йўғрилган.

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами

Ушбу сатрларда халқнинг ғами билан қизиқмайдиган одамни инсон сифатида баҳолашнинг ўзи инсонийликка тўғри келмаслиги гўзал бир ифода орқали баён этилган.

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ҳам назм ва наво кечаси ташкил этилди. Қорақалпоқ Давлат университети Ўзбек филологияси факультети катта ўқитувчиси З.Балтаева ҳамда бошқарма шахсий таркиби ўртасида ўтказилган давра суҳбати давомида буюк шоирнинг ҳаёти ва серқирра ижоди, сермаҳсул асарларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Божхона ходимлари томонидан шоир қаламига мансуб ғазал-у шеърлардан сатрларнинг ўқилиши ва уларнинг чуқур маънолари таҳлили тадбирни том маънода адабиёт кечасига айлантирди.

Буюк маърифатпарвар Алишер Навоий ўрта асрдаги Уйғониш даврининг бошқа улуғ зотлари сингари бутун ҳаёти билан ҳақиқий инсон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатди. У ўз давридаги ноҳақликка, адолатсизликка қарши курашди, амалдорларнинг ўз вазифаларини суиистеъмол қилишларини ва тамагирликларини фош этди, ожиз, муҳтож кишиларни ўз ҳимоясига олди. Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик қилган, Алишер Навоий ҳукуматда бош вазир вазифасини эгаллаганида ҳеч бир мамлакатга қарши босқинчилик уруши олиб борилмади. Бош вазир Алишер Навоий маданият ва санъатнинг чинакам ҳомийси сифатида танилади. Унинг фаолиятида ижтимоий-сиёсий масалаларни тўғри ҳал этишга интилиш, жамиятдаги барча ижтимоий қатламларга, барча қавмларга бир хил муносабатда бўлиш, ҳеч қайси бирини камситмаслик, ҳамманинг манфаатига баробар хизмат қиладиган жамоат биноларини қуришга алоҳида эътибор бериш олдинги ўринга чиқа бошлади. Хондамирнинг қайд қилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ва таъмирлатган. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор.

Бугун Навоий ҳақли равишда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари дунёнинг юзлаб тилларига таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олийжаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда.

У ўзининг яратган асарлари ила бугун ҳам орамизда яшаб қолмоқда, зероки битикларининг бирида шундай деган эди: “Умидим улдирки, ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай”.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

9.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг