Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қашқадарёлик тадбиркор яқин кунларда 200 иш ўринли лойиҳаларни ишга тушириш арафасида
899
Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси томонидан божхона органларига юклатилган вазифалар ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг божхонага оид бандлари ижросини таъминлаш мақсадида, тадбиркорлик субъектлари билан доимий равишда учрашув ва сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Қашқадарёлик тадбиркор яқин кунларда 200 иш ўринли лойиҳаларни ишга тушириш арафасида

Мазкур йўналишдаги навбатдаги учрашув Қарши шаҳрида жойлашган “Asian golden oil” масъулияти чекланган жамиятида уюштирилди.

Корхонанинг ҳозирги кундаги асосий фаолияти ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган замонавий технологик ускуналар ёрдамида кунига 50 тонна кунгабоқар маҳсулоти қайта ишланиб, сифатли ўсимлик ёғи тайёрланмоқда.

Истеъмолчилар учун қулай, 1 литрдан 5 литргача ҳажмли идишларга қадоқланиб чиқарилаётган ўсимлик ёғи, ички бозорни таъминлаш билан бирга, экспортга ҳам чиқарилмоқда.

Тадбиркор мамлакатимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини янада кенгайтириш чораларини кўрмоқда. Аниқроғи, жорий йилда 2 та янги лойиҳани ишга туширишни режалаштирмоқда.

Биринчи лойиҳа бўйича Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган қиймати 2 миллион 536 минг АҚШ долларилик технологик ускуналар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа ишга тушса, кунига 200 тонна хомашё қайта ишланиб, ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилади. Лойиҳа жорий йилнинг иккинчи чорагида ишга туширилади.

Иккинчи лойиҳа бўйича Туркия Республикасидан қиймати 1 миллион 500 минг АҚШ долларилик технологик ускуналар олиб келинган бўлиб, ҳозирда монтаж ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа ишга тушса, суткасига 250 тонна буғдой қайта ишланиб, ун маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Ушбу лойиҳа жорий йилнинг биринчи чораги якунида ишга туширилиши режалаштирилган.

Асосийси, мазкур янги лойиҳалар ишга тушиши натижасида маҳаллий 200 нафар ёшлар ва аёллар доимий иш билан таъминланади.

Учрашув давомида тадбиркорга, божхонада тадбиркорларга яратилган қулайликлар, маҳсулотларни экспортга расмийлаштиришдаги енгилликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, божхона ходимлари доимо кўмак кўрсатишга ва муаммоли масалалар юзасидан ёрдам беришга тайёрлиги билдирилди.

 

15.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг