Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тизим ходимларининг оила аъзолари билан учрашув ўтказилди
254
Коррупция иллатига қарши кураш бугунги куннинг долзарб масаласи бўлиб қолмода. Ҳар бир соҳа, ҳар бир жабҳаларда унга қарши муросасиз курашиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз Раҳбарининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ҳам миллат кушандаси бўлган иллатга қарши кураш масаласига катта урғу берилган эди: “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур”.

Дарҳақиқат, коррупция иллатига қарши ҳар бир фуқаро биргаликда, аҳилликда курашсагина ғалабага эришиш мумкин.

Божхона органлари фаолиятида ҳам коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, божхона ходимларининг ҳалол, маъсулиятли, софдил ва адолатли бўлишлари юзасидан доимий равишда тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилиши йўлга қўйилган. Бугунги рақамли иқтисодиётга ўтиш даврида божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлаш борасида ахборот технологияларидан жадал фойдаланган ҳолда электрон ҳужжат алмашиш тизимларининг амалиётга жорий этилганлиги ҳам божхонада коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилган чора тадбирлар сирасига киради, десак муболаға бўлмайди.

Коррупция дея аталмиш жирканч иллатга қўл уриш кўп жиҳатдан инсоннинг оила аъзолари ва яқинларига, уйдаги шароит ва муҳитга боғлиқ. Шундай экан, божхона органлари ходимлари орасида коррупцияга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича Қорақалпоғистон  Республикаси божхона бошқармасида тизим ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида Коррупцияга қарши курашда ҳар биримиз масъулмиз шиори остида учрашув ўтказилди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи О.Хожиматов сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор натижасида барча божхона бошқармалари ва божхона постларининг инфраструктураси тубдан янгиланганлиги, ходимлар учун муносиб хизмат шароитлари яратилганлиги, замонавий офис, ахборот технологиялари ва мебел жиҳозлари билан тўлиқ таъминланганлиги ҳақида гапириб, тизим ходимларининг коррупция йўлига кириб қолмаслигига соҳа ходимлари билан бир қаторда унинг яқинлари, оила аъзолари ҳам масъул эканликлари, бу иллатга қарши ходимнинг оила аъзолари билан ҳамкорликда курашиш лозимлиги, ҳалол, пок хизмат эвазига келаётган ризқдан яхшиси бўлмаслиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Учрашув давомида Нукус шаҳридан 450 км масофада жойлашган “Даут-ота” ва “Қорақалпоғистон” темир йўл чегара божхона постларида хизмат қилаётган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида барпо этилган хизмат уйлари уларда яратилган шароитлар бўйича тайёрланган видеолавҳа намойиш этилди, шунингдек, тизим ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тақдим этилаётган имтиёзли кредит ҳақида тушунтирилди ҳамда ходимларнинг ота-оналари, оила аъзоларини қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

Божхона ходими бир вақтнинг ўзида кимнингдир ота-онаси, кимнингдир дилбанди, яна кимнингдир жигари. Унинг ҳалол хизмат қилиб, оиласини боқиши, ҳар хил ёмон иллатлардан бошининг омон бўлиши йўлида яқин қариндошлари тизим ходимлари билан биргаликда ҳаракат қилиши, бирон шубҳали ҳаракат сезишса бошқарма раҳбарияти ва масъул бўлимларга ҳамда бошқармада ташкил этилган +61 224-90-86 ишонч телефонларига мурожаат этишлари мумкинлиги айтиб ўтилди. 

Ўйлаймизки, бундай саъй-ҳаракатлар коррупциянинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

23.02.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг