Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона расмийлаштирувида учраётган муаммолар кўриб чиқилди
735
Маълумки, мамлакатимизда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида жорий йилнинг 26 январь куни 1867 кв. метр ҳудудга тенг, 1125 тонна миқдордаги товарларни сақлаш учун мўлжалланган “Самарқанд” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости “Ягона дарча” тамойили асосида янги маъмурий бинода иш бошлади.

Мазкур божхона постида тадбикорлар учун банк шаҳобчаси, сертификат идоралари ва божхона брокерлари фаолият кўрсатмоқда.

Электрон божхона юк декларацияларини расмийлаштириш жараёнида учраётган камчиликлар ва муаммоларни жойида ўрганиб, бартараф этиш мақсадида божхона постида тадбиркорлар, сертификат идоралари вакиллари ва божхона брокерлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Унда “Самарқанд” ТИФ божхона пости бошлиғи Самандар Джиянов сўзга чиқиб, бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари учун яратилган қулайликлар, янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда амалиётда сертификат органлари ўртасида учраётган муаммолар ечими юзасидан тўхталиб ўтди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 январдаги “Ўзбекистон Республикасида мувофиқлиги тасдиқланиши лозим бўлган мувофиқликни баҳолаш объектлари рўйхатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 43-сон қарори 2021 йил 1 майдан бошлаб кучга киради. Мазкур қарор талаблари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Шунингдек, учрашувда “Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази” ДУК Самарқанд филиали бошлиғи Камол Муродов томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 ноябрдаги “Ёғ-мой маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги 724-сон қарори ҳақида ҳамда сертификатлаштириш соҳасидаги янгиликлар тўғрисида йиғилиш қатнашчиларига тушунчалар бериб ўтди.

Шундан сўнг тадбиркорлар фаолиятларида учраётган муаммолар юзасидан соҳа мутахассисларига саволлар билан мурожаат этишди.

Савол-жавоб ва мунозараларга бой ўтган учрашувда билдирилган таклифлар инобатга олиниб, тез кунларда мавжуд камчиликлар бартараф этилиши юзасидан келишиб олинди.

6.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг