Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
2294
Давлат божхона қўмитаси 2021 йил 5 март куни Kun.uz сайтида ёритилган “Божхоначилар фуқарони бир ярим йил сарсон қилишди. Айбдор ходимлар жазоланадими?” номли мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги 5388-сон Фармонида 2021 йил 1 январга қадар импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари божхона тўловларидан озод этилган эди.

Мазкур фармонга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги 5755-сон Фармони билан ўзгартиришлар киритилиб, берилган имтиёзлар 2019 йил 1 октябрдан бекор қилинган.

Ушбу имтиёзни амал қилиш муддати якунланишига қисқа вақт қолганида, яъни 2019 йил 30 сентябрь куни фуқаролар М.Жумабаев ва И.Исаковлар Қозоғистондан Ўзбекистон Республикасига олиб кирилган транспорт воситаларига божхона тўловларидан қарийб 1 млрд. сўм миқдорида имтиёз олиш учун шу куни божхона органларининг иш вақтидан ташқари вақтда соат 23:33 ва 23:39 да дастлабки божхона декларацияларни тўлдириб, Давлат божхона қўмитасининг “Электрон божхона расмийлаштируви” дастури орқали автоматик тарзда рўйхатдан ўтказганлар.

Бу жараёнда фуқаролар томонидан дастлабки божхона декларацияси товар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига етиб келишидан олдин тақдим этилиши лозим бўлсада, республика ҳудудига олиб кирилгандан сўнг, дастлабки божхона декларацияси тақдим қилинган.

Бу вазиятда амалдаги тартибга мувофиқ, транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган вақтда, импорт божхона режимига божхона юк декларацияси тақдим этилиши лозим эди.

Аммо, ушбу фуқаролар номаълум сабабларга кўра, мазкур талабларга зид равишда декларация тақдим қилганликлари сабабли, 2016 йил 10 май куни 2784-рақам билан рўйхатдан ўтган Низом асосида дастлабки божхона декларациялари 2019 йилнинг 2 октябрь куни божхона органлари томонидан бекор қилинган. Бу ҳақида фуқаролар электрон тарзда маълумотга эга бўлган.

Мазкур декларацияларни бекор қилиниши божхона ходими томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида амалга оширилган.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролар И.Исақов ва М.Жумабаевлар қонунчиликдаги бу талабдан хабардор бўлган. Сабаби, 2019 йилнинг 29 сентябрь куни ушбу фуқаролар томонидан олиб келинган 2 дона юк транспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларига амалдаги меъёрий хужжатларга асосан жами 2,9 млрд. сўм миқдорида имтиёзлар қўлланилган. Бу жараёнда, божхона органлари томонидан ҳеч қандай эътироз ва тўсиқларсиз дастлабки божхона декларацияси ўрнатилган тартибда расмийлаштириб берилган.

Давлат божхона қўмитаси амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиб фаолият юритадиган жисмоний ва юридик шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлашга тайёр эканлигини маълум қилади.

6.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг