Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Яллама” чегара божхона постида медиа тур бўлиб ўтди
3355
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида божхона постларида яратилган шарт-шароитлар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришда божхона ходимларининг машаққатли хизмати қай даражада ўзини оқламоқда?
 “Яллама” чегара божхона постида  медиа тур бўлиб ўтди

Айни шу саволларга жавоб излаш мақсадида бир гуруҳ оммавий ахборот вакиллари учун Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан “Яллама” чегара божхона постида пресс тур уюштирилди.

 Пресс тур аввалида ОАВ вакиллари Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама”  чегара  божхона постида бўлишди ҳамда божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишишди.

Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида жойлашган “Яллама” чегара божхона пости асосан автоторанспорт воситалари ва пиёдалар учун мўлжалланган.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг тасарруфида, “Яллама” илк бор “рақамли” божхона пости бўлади.

Пост охирги русумдаги ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган бўлиб, шулардан бири автотранспорт воситаларнинг давлат рақамларини аниқлаш тизимидир.

Жорий йилнинг 19 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти гиёҳвандлик воситалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (БМТ бошқармаси) ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг “Контейнерлар ташувини назорат қилиш” глобал дастури доирасида “Яллама” чегара божхона постида “Порт назорат гуруҳи”нинг расмий очилиш маросими ўтказилди.

Дастур мақсади - иштирокчи мамлакатларга контейнерда юк ташиш воситаларининг гиёҳванд моддалар савдоси, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва бошқа ноқонуний фаолият учун ишлатилишининг олдини олиш учун денгиз портлари ва қуруқликдаги портларда ҳуқуқни муҳофаза қилишнинг барқарор механизмларини ишлаб чиқишда ёрдам бериш.

“Контейнерлар ташувини назорат қилиш” дастури мамлакатлар учун денгиз портлари ва қуруқлик портларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини мувофиқлаштириш ва бошқариш бўйича самарали ечимни таклиф этади.

Ушбу дастур доирасида Ўзбекистоннинг “Чуқурсой техник идора”, “Яллама” ва “Олот” чегара божхона постлари “Порт назорати гуруҳлари” вакиллари учун БМТ бошқармаси томонидан тренинг ва ўқув-курслари ўтказилиб келинмоқда. Машғулотлар давомида ходимлар интеграциялашган ёндашув ёрдамида юқори хавфли контейнерларни аниқлашни ўрганишмоқда.

Мазкур глобал дастур доирасидаги фаол ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам божхона ходимлари учун чегара ўтказиш пунктларида транспорт воситаларива товарлар ҳаракатини сифатли ва самарали назорат қилишга, шу билан бирга, ходимларнинг билим ва салоҳиятини оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

БМТ бошқармаси томонидан “Яллама” чегара божхона постидаги “Порт назорат гуруҳи” учун алоҳида хона тўлиқ жиҳозланиб, компьютер, мебель ва контейнерлар ҳаракатини назорат қилишга асосланган махсус кузатув ускуналари билан таъминланди.

Маълумот тариқасида, жорий йилнинг январь-март ойларида “Яллама” чегара божхона пости орқали жами 13 540 та автотранспорт воситаси ҳаракатланган, давлат бюджетига 1 млрд 541,5 млн сўмдан ортиқ божхона тўловлари ўтказилган.

Шу билан бирга юк авто транспорт воситаларининг вақтини тежаш максадида божхона органлари томонидан автотранспорт воситаларини инспекцион кўрик мажмуаси орқали назоратдан ўтказиш имконияти яратилган. 3322 та транспорт воситаси йил бошидан буён ИКМ дан кўрикдан ўтказилган

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишини олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилган.

Хусусан, ўтган 2020 йил давомида 64 та ҳолатда 3 млрд 677,5 млн  сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний кириб келишини олди олинган.

Бу ерда ҳам юк автотранспорт воситаларини назорат-рентген орқали кўздан кечириш имконини берувчи инспекцион кўрик мажмусидан унумли фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, божхона назоратининг бошқа техник воситалари ҳамда хизмат итлари ҳам божхона кўриги жараёнларига жалб этилган.

“Яллама” чегара божхона постида яратилган яна бир қулайлик бу бепул вайфай тизими орқали интернет ресурсларидан фойдаланиш. Ушбу постда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини янада ошириш мақсадида пост мониторларига божхона органларига оидянги қабул қилинган меъёрийҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган.

Барча жорий этилган тизимлар натижасида бугунги “Яллама” чегара божхона пости атиги бир йил аввалдагидан анча фарқ қилади.

Медиа тур давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

Ташкил этилган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало  мавзунинг ичига кириб бориш ва ҳар бир детални пухта ўрганиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада батафсил ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.

25.03.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг