Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар учун Миллий кинология марказига пресс-тур уюштирилди
2368
Давлат божхона қўмитаси томонидан журналистлар, блогерлар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини божхона органларида кинология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништириш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология марказига навбатдаги пресс-тур уюштирилди.
Журналистлар учун Миллий кинология марказига пресс-тур уюштирилди

Пресс-тур давомида Милий кинология маркази директори, божхона хизмати полковниги А.Турсунов журналистларни марказ фаолиятига доир сўнгги янгиликлар билан таништирди.

Жорий йилда ташкил этилганлигининг 25 йиллигини нишонлаётган Миллий кинология маркази ноёб ва Марказий Осиёда ягона муассаса ҳисобланади.

Марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган.

Ўтган давр мобайнида Миллий кинология маркази нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.

Марказ фаолияти Бирлашган миллатлар ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб ҳалқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.

Марказда қуйидаги йўналишлар бўйича хизмат итлари тайёрланади:

  1. Гиёвандлик воситаларини қидириш;
  2. Қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддаларни қидириш;
  3. Антитеррор;
  4. Из-қидирув;
  5. Ҳимоя-қоровул хизмати;
  6. Қидирув-қутқарув хизмати;
  7. Валюта қимматликларини қидириб топиш;
  8. Мина қидирув;
  9. Тамаки маҳсулотларини қидириш
  10. Ўсимликлар уруғларини қидириш бўйича янги йўналиш ўзлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги  “Давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда 2018 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 1029-сон қарори қабул қилинди.

Унга кўра давлат божхона хизмати органларида хизмат итларини овқатлантириш ва компенсация тўловларини ажратиш тартибини тасдиқланди.

Шунингдек, қарор доирасида Ўзбекистон Республикасининг резидент ва норезидентларига хизматга яроқсиз бўлган итларни белгиланган тартибда сотиш ҳамда шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларнинг итларини умумий машқ курси ва ҳимоя-қоровул хизмати талабларига мувофиқ тайёрланади.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси резидент ва норезидентларига 9 бош итлар сотилди, шартнома асосида жисмоний шахсларга тегишли  бўлган 13 бош итлар Марказ инструкторлари томонидан умумий машқ курси бўйича тайёрлаб берилди.

Марказда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш ҳамда халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакиллари ўқитилади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ушбу кинология йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари доирасида зотдор хизмат итларини кўпайтириш, сотиб олиш, сотиш ва алмашиш йўлга қўйилган.

Мазкур қарорга асосан хизмат итларида турли вазиятларда вазифани бажариш кўникмасини шакллантириш учун Марказда реал шароитга максимал даражада яқинлаштирилган зарур инфратузилма мавжуд.

Хизмат итлари билан амалий машғулотлар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари, турли тўсиқлар ҳамда қидирув машқларини ўтказиш учун мосламалар, темир йўл вагони, теплоход, самолёт, контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобус, сунъий харобалар, тоғ-тошли рельеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти макетлари яратилган.

Жойлардаги кинологларнинг фаолияти таҳлил қилиш, хизмат самарадорлигини ошириш мақсадида, кинологлар фаолиятини  баҳолаш тартиби ва мезонлари ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилган.

Шунингдек, кинология хизмати фаолиятидан самарали фойдаланиш мақсадида, ҳудудий бошқармаларга хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган, 6 дона махсус автотранспорт воситаси билан таъминланган.

Ўтган йиллар давомида Марказда божхона органларининг 860 нафар кичик-инспектор кинологлари турли йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилиб, 860 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди.  

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва идораларнинг буюртмаларига асосан 136 нафар кинологлар тегишли йўналишларда ўқитилиб, 136 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди.

Шунингдек, халқаро хамкорлик доирасида 2018 йилда Тожикистон Республикаси божхона хизматининг 15 нафар кинолог ходимлари “гиёҳванд моддаларни қидириш” ва “инструкторлик” бўйича ўқув курсларида тахсил олди.

Бундан ташқари 2019 йилда Арманистон Республикаси Давлат даромадлари қўмитасининг 2 нафар ходими инструкторларни тайёрлаш ўқув курсида тахсил олди. 

Марказда ўргатиш учун “Рус спаниели” “Инглиз коккер спаниели”, “Америка коккер спаниели”, “Вельштерьер”, “Ягдтерьер”, “Бигль”, “Фокс-терьер”, “Немис овчаркаси”, “Бельгия овчаркаси”, “Кавказ овчаркаси”, “Шарқий Европа овчаркаси”, “Ўрта Осиё овчаркаси”, “Лабрадор”, “Ротвейлер”, “Курцхаар”, “Доберман”, “Ризеншнауцер” ит зотлари қабул қилинади.

Шунингдек, божхона органлари хизматида фойдаланилмайдиган ит зотларини кўпайтириш ва аҳолига сотиш ишларини ташкил этиш мақсадида, Марказга “Бигль” ва “Сибирь Хаскиси” зотига мансуб итлар олиб келиниб, кўпайтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш тўғрисида” 21-сон қарори қабул қилинди.

Қарор билан божхона органларида кинология хизматини такомиллаштириш, марказда наслчилик ишлари самарадорлигини тубдан ошириш, кинологлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хизмат итларини тайёрлаш ҳамда ушбу йўналишда кадрлар салоҳиятини юксалтириш, шунингдек, мазкур соҳада самарали халқаро ҳамкорликни амалга ошириш бўйича биринчи галдаги устувор вазифаларни назарда тутувчи 2021–2023 йилларда Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш концепцияси ва “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси кинология йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида, “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Кинология федерацияси, “Ўзбек бўрибосарлари” зотини сақлаш жамияти, Самарқанд ветеринария  медицина институти ҳамда Ички ишлар вазирлиги ўқув маркази билан Марказ ўртасида кинология соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланган. 

Мазкур меморандум доирасида ветеринария ва зоотехник мутахассислигига эга бўлган Марказнинг 32 нафар ходимлари 2020 йилда Тошкент давлат аграр университетида “Хизмат итларини парваришлашда ва уларда учрайдиган касалликлар, уларни олдини олиш, замонавий усулларда даволаш” мавзусида, 2 нафар ходимлари 2021 йил февраль ойида Самарқанд ветеринария медицина институтида малака оширдилар.

Ушбу қарорга асосан Марказ Ихтисослаштирилган ветеринария хизмати ходимлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга тегишли итларига ветеринария даволаш-профилактика ва лаборатория-диагностика ишлари бўйича пулли хизматларни кўрсатиб келинмоқда.

Шу билан бирга, Дегельминтизация, Эктопаразитларга қарши ишлов бериш, Ўлат ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмлаш бўйича махсус тадбирлар олиб борилади.

Пресс тур доирасида шу куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Янгиҳаёт тумани Кенгаши ва Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган 1-сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ёшлари ҳамда Янгиҳаёт туманида жойлашган 8- умумтаълим мактаби 11-синф битирувчилари ҳам Миллий кинология марказида бўлиб, Марказ фаолияти билан яқиндан танишишди. Ўқувчилар учун шу ернинг ўзида китоб ярмаркаси ташкил қилинди.

Журналистлар учун тақдим қилинган янгиликлар қаторида хизмат итларига шарқона лақаблар қўйилаётганлиги ҳам диққатни тортди. Ҳозирда итларга қўйилаётган Азнавур, Босиқ, Бургут, Бўрон,  Бийрон, Вулқон, Вафодор, Гирдоб, Дагар, Довул, Енгилмас, Забардаст, Йўлбарс каби ўзбекона номларни яна қатор санаб ўтиш мумкин.

Пресс тур доирасида журналистлар марказда ҳозирда “Ўсимликлар уруғларини қидириш” бўйича ўзлаштиришлган янги йўналиш доирасида латвиялик халқаро мутахассис Валдис Биковскис томонидан олиб борилаётган амалий машғулотларга ҳам гувоҳ бўлишди.

Пресс тур якунида кинологларнинг хизмат итлари иштирокидаги кўргазмали чиқишлари журналистларда ёрқин таассуротлар қолдирди.

Шу ернинг ўзида ташкил қилинган матбуот анжумани давомида эса оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

19.05.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг