Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Европа минтақаси божхона хизматлари раҳбарларининг конференцияси бўлиб ўтди
1805
2021 йилнинг 8 июнь куни Жаҳон божхона ташкилотининг Европа минтақаси божхона хизматлари раҳбарларининг навбатдаги конференцияси бўлиб ўтди.
Европа минтақаси божхона хизматлари раҳбарларининг конференцияси бўлиб ўтди

Конференцияда Жаҳон божхона ташкилотининг бир қатор ташкилий масалалари, жумладан, ушбу ташкилотни молиялаштириш, бошқарув, иш фаолияти самарадорлиги баҳолаш, халқаро ҳуқуқий асослар атрофлича муҳокама қилинди.

Видеоконференция тарзида ташкил этилган ушбу тадбирда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ҳам иштирок этиб, дастлаб, коронавирус пандемияси жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатганлиги, жаҳон савдоси ҳажмининг камайганлиги, глобал ишлаб чиқариш занжирлари ва савдо алоқаларининг қисман бузилганлиги сабабли, ушбу ҳолат божхона хизматларининг халқаро таъминот занжирларини сақлаб қолишдаги муҳим ролини кўрсатиб берганлиги таъкидлаб ўтилди.       

Маълумки, COVID-19 пандемияси электрон тижоратнинг янада ривожланишига олиб келди. Айниқса, биринчи даражали товарлар, озиқ-овқатлар ва дори-дармонларнинг онлайн-сотувларининг, шунингдек молиявий операцияларнинг ҳажми ортди.

Шу билан бирга пандемия, божхона органлари томонидан рақамли технологияларни имкон қадар тезроқ чегараларда тадбиқ этилиши кераклигини кўрсатиб берди.

ДБҚ раҳбарияти Жаҳон божхона ташкилотининг Котибияти томонидан 2021 йилнинг “Барқарор таъминот занжири учун тикланишга, янгиланишга ва ташқи таъсирларга қарши чиқа олишга кўмаклашувчи божхона” номли шиорни тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Йиғилишда, пандемия шароитида Ўзбекистон божхона хизмати томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам сўз борди.

Пандемиянинг авж олган пайтида айнан божхона органлари энг масъулиятли вазифаларни амалга оширдилар.

Дунёнинг турли бурчакларидаги ҳамюртларимиз чегарадаги назорат ўтказиш пунктлари орқали юртимизга қайтиб келишди. Юкларнинг, автомобиль ва поездларнинг оқими тўхтамади.

Биринчи даражали товар, озиқ-овқат ва дори-дармонларнинг кириб келиши учун “яшил йўлаклар” ташкил этилди ва уларнинг божхона расмийлаштируви биринчи навбатда амалга оширилди.

2020 йилнинг 1 апрелидан бошлаб импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари учун тезлаштирилган тартибдаги божхона расмийлаштируви механизми жорий қилинди.

Ҳозирда божхона тартиб-тамойилларини янада соддалаштириш, божхона тизимида рақамли технологияларни кенг қўллаш орқали инсон омилини камайтириш, божхона назорати шаклларини хавфларни бошқариш принципларига асосланган замонавий ахборот - коммуникация технолологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, содда қилиб айтганда “Рақамли божхона”га ўтиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунга келиб божхона органлари фаолиятига 63 та ахборот тизимлари ва 29 та интерактив хизматлар (шундан, 2020 йил давомида 6 та ахборот тизимлари ва  13 та  интерактив хизматлар)  жорий этилганлигига алоҳида урғу берилди.

Хусусан, божхона органларида “Хавфни бошқариш” тизимининг жорий этилиши натижасида, бугунги кунда қонунга итоаткор тадбиркорларнинг экспорт ва импортга йўналтирилаётган маҳсулотлари тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Ушбу тизимни такомиллаштириш орқали 2020 йил 1 июндан синов тариқасида автомобиль чегара божхона постларида амалиётга жорий этилди. Бу ҳам ўз навбатида келгусида чегара божхона постларидаги навбатларнинг сезиларли қисқаришига ёрдам беради.

Ўзбекистонда божхона органларини рақамлаштиришнинг жадал ривожланиши ўз натижаларини бермоқда. Хусусан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини хавф даражасига қараб тоифаларга ажратилиши натижасида божхона кўриклари сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.

Божхона расмийлаштируви вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда 1,4 баробарга қисқарди. Ҳозирги кунда 62 фоиз товарлар соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришда ахборот тизимларининг ўрни катта эканлигини тушунган ҳолда, расмийлаштирув билан боғлиқ жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилди.

Масалан, божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди.

Анжуманда келгусида соҳани рақамлаштириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, жорий ва келгуси йилда “Avtomatlashtirilgan tarzda chiqarib yuborish”, “Bojxona аuditi”, “E-tranzit” каби бир неча автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этилади.

Шунингдек йиғилишда, божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, “рақамли божхона”ни шакллантириш мақсадида божхона экспертизасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.  

Шу мақсадда Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона экспертиза лабораториясида уни жаҳон стандартлари даражасига етказиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилди. 

Божхона қўмитаси лабораторияси етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг энг замонавий юқори технологик, юқори аниқликка эга ускуналари билан жиҳозланган бўлиб,  экспертиза жараёнларининг самарадорлигини сезиларли даражада оширади.

Тадқиқотлар кимё, физика ва биология соҳасидаги юқори малакали, Жаҳон божхона ташкилотида, Япония, Туркия ва Россия божхона лабораторияларида амалиёт ўтаган мутахассислар томонидан олиб борилади.

Шунингдек йиғилишда, Марказий Осиё минтақасидаги лабораториялар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек Жаҳон божхона ташкилотининг Марказий Осиёдаги салоҳиятини ошириш мақсадида Марказий божхона лабораториясига Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий мақомини олишдаги ташаббуси масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Конференция давомида Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона экспертиза лабораторияси салоҳиятини акс эттирувчи махсус видеоролик йиғилиш қатнашчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Давлат божхона қўмитасининг ушбу ташаббуси конференция иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланди. 

 

8.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг