Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ёғочсозлик саноати ривожланмоқда
802
Республикамизда ёғоч ва ёғочсозлик саноати хом ашё базасини мустаҳкамлаш, мебель саноатида ёғоч маҳсулотлари хом ашёсига бўлган эҳтиёжни қондириш, уларни импорт қилиш ҳажмини камайтириш, шунингдек, мебель ва ёғочсозлик саноатини янада ривожлантириш борасида бир қатор тизимли чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ёғочсозлик саноати ривожланмоқда

Бу борада Президент ва Ҳукуматнинг тегишли фармон, қарор ва фармойишлари қабул қилиниши  ёғоч ва ёғочсозлик саноатининг янада ривожланишида туртки бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёғочсозлик саноати хом ашё базасини мустаҳкамлаш ва соҳани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 84-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Республикада ёғочсозлик соҳасининг хомашё базаси мустаҳкамланиши, мебель саноатининг барча йўналишларини ривожлантириш орқали ёғоч импорти ҳажми камайтирилиши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, 2021–2022 йилларда Республика ҳудудларида:

  • қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 3 173 гектар захирадаги ерларда;
  • ўрмон фондининг жами 1 327 гектар тоғолди ва адир ерларида ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа мебелбоп дарахт турлари экилади.

Мазкур плантацияларни ташкил этиш учун жами 2 783,6 минг дона кўчат етиштириш назарда тутилган.  

2021 йил 10 мартдан бошлаб мебель саноатида ёғоч хомашёси сифатида фойдаланиладиган павловния, ёнғоқ, чинор, шумтол, қайрағоч ҳамда бошқа дарахтлар плантацияларини ташкил этувчиларга зарур кўчат экиш материаллари шартнома асосида етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Статистик маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 5 ойи давомида республикамизга хорижий давлатлардан қиймати 227,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари импорт қилинган.

Импорт қилинган ёғоч ва ёғоч маҳсулотларининг энг катта улушига эга бўлган давлатлар:

Россия – 201,7 миллион.

Хитой – 7,9 миллион.

Эрон – 4,9 миллион.

Белорусь – 3,6 милион.

Қозоғистон –3,6 миллион АҚШ доллари

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 5 ойида Ўзбекистонга 36 та хорижий давлатлардан ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари импорт қилинган.

Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасида ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари 44 гуруҳда, мебель маҳсулотлари эса 94 гуруҳда таснифланади.

Бугунги кунда импорт қилувчилар ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини божхона расмийлаштирувида 15 % қўшимча қиймат солиғи тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.07.2003 йилдаги “Ички бозорни ёғоч-тахта материаллари билан тўлдиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 305-сонли қарорининг иловасига мувофиқ юридик шахслар томонидан импорт қилинадиган ёғоч-тахта материаллари, ёғоч-тахта ва ёғочдан ясалган буюмларнинг айрим турлари импорт божхона божи тўлашдан озод қилинган.

         

Жамол ИСРАИЛОВ,

“Сирғали” ТИФ божхона пости инспектори

 

18.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг