Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юридик хизмат ходимлари билим ва малакаси оширилди
811
Давлат божхона қўмитасида Юридик хизмат ходимларининг суд жараёнларидаги амалий тажриба ва кўникмасини ошириш мақсадида Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий божхона бошқармаларининг Юридик хизмати ходимлари иштирокида Юристлар малакасини ошириш маркази хусусий-ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири С.Марипова томонидан “Медиация тартиби ҳамда низоларни муқобил ҳал этиш усуллари” мавзусида видеоконференция тарзида ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Юридик хизмат ходимлари билим ва малакаси оширилди

Тадбирда, сўз олган С.Марипова медиация тушунчасига изоҳ бериб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 3 июлдаги “Медиация тўғрисида”ги Қонунига тўхталиб ўтди.

Медиация бу — бир-бирини тушуниш ва низоли ҳолатни бартараф этувчи битим тузишга эришиш мақсадида холис шахс — медиатор (воситачи) иштирокида тарафларнинг эркин музокарага кириш йўли билан низони ҳал қилиш тамойилидир.

Медиатив келишувнинг энг муҳим томонларидан бири шундаки, амалдаги “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилиши тўланган давлат божи эса қайтарилиши лозим. Айни қоида “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Иқтисодий процессуал кодексининг 107-моддасида тарафлар ўртасида медиатив келишувнинг тузилгани даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиши қайд этилган. Бу ўз навбатида Божхона органлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан юзага келадиган низоли ишларда ҳар икки томон манфаати учун хизмат қилади.

Эътироф этиш керакки, медиатив келишувга эришилишида медиаторнинг хизмати муҳим аҳамият касб этади. Шу боис қонунда медиаторга доир қатор талаблар белгиланган. Агар яна тарафлар манфаати нуқтаи назаридан гапирадиган бўлсак, медиатор медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида фақат медиация тарафларининг розилиги билан ҳаракат қилиши, низо юзасидан ўзаро мақбул келишувга эришишга тарафларни ишонтиришнинг қонуний восита ва усулларидан фойдаланиши, ўзининг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса ёки юзага келса, бу ҳақда тарафларга маълум қилиши шарт.

Мазкур ўқув машғулотида иштирокчилар мавзу доирасида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида маълумотлар олиш билан бир қаторда, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

19.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг