Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Иссиқхона тўкин дастурхон ва даромад манбаи
770
Бозор иқтисодиёти нафақат тадбиркорларни балки қишлоқ аҳлини ҳам ердан унумли фойдаланишга ўргатмоқда. Бир йилда айрим оилалар 6-10 сотихли томорқасидан миллион-миллион даромад топиб, ҳеч нарсага зориқмай фаровон турмуш кечиришаётгани ҳеч кимга сир эмас. Эътиборлиси, томорқа ва ерлардан унумли фойдаланишда иссиқхоналарнинг алоҳида ўрни бор.

Мамлакатда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкор технологияларга асосланган иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш, шунингдек, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва малакали мутахассисларни кенг жалб қилиш, ўз бизнесига эга оилаларни кўпайтириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг “Давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда замонавий иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5138-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан:

-замонавий иссиқхона хўжаликларини биринчи навбатда, унда етиштириладиган маҳсулотлар бўйича импортни қисқартириш ва зарур ускуна ва техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига ташкил этиш;

-уй-иссиқхона мажмуаларини қуриш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган йиғиладиган алоҳида қисмлардан иборат тайёр ҳолдаги замонавий иссиқхоналар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилиш;

-иссиқхоналар ва уй-иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқариш учун хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган материаллар, хомашёлар ва бутловчи қисмлар 2023 йилнинг 31 декабрига қадар божхона божидан озод қилиш;

- Бунда, импорт қилинадиган товарларнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши тўғрисида экспертиза хулосаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУК томонидан берилиши белгилаб берилди.

Хўш жойларда берилаётган ушбу имтиёзлардан унумли фойдаланиш ва иссиқхона хўжалигини ташкил қилиш аҳволи қандай? Бу савол ўринли албатта, биргина Сурхондарё вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2017-2020 йилларда ҳамда 2021 йилнинг 4 ойи мобайнида вилоятга жами 22 тадбиркорлик субьекти томонидан 72,1 миллион АҚШ долларлик иссиқхоналар импорт қилинган. Мазкур иссиқхоналар импортёрларига вилоят божхона бошқармаси томонидан 166,3 миллиард сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган.  Ушбу иссиқхоналар учун 756 гектар ер майдонлари ажратилган бўлиб, улардан 97,5 гектари гидро поника услубида барпо этилган. Бугунги кунга келиб вилоятга келтирилган иссиқхоналарда жами 1424 та ишчи ўрни яратилган бўлиб уларнинг экспорт қуввати 8,3 миллион АҚШ долларига етди.

Хусусан, 2021 йилнинг 5 ойи мобайнида вилоят иссиқхонларида етиштирилган 2507 тонна помидор маҳсулотлари 2 миллион АҚШ доллари қийматида ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали Россия, Қирғизистон ва Тожикистон давларларига экспорт қилинди.

Қисқача айтганда, юртимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар аввало халқимиз фаровонлиги, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, қўшимча ишчи ўринлари яратиш ва уларнинг дастурхонларини тўкин қилишга хизмат қилади.

21.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг