Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“eTIR: Яшил йўлак” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди
1337
Жорий йилнинг 29 июнь - 1 июль кунлари Қирғизистон Республикаси давлат божхона хизмати вакилларидан иборат делегациянинг мамлакатимизга амалий ташрифи бўлиб ўтмоқда.
 “eTIR: Яшил йўлак” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди

Халқаро автомобиль транспорт иттифоқи, Туркий кенгаш, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотлари (GIZ) билан хамкорликда ташкил қилинган мазкур ташриф доирасида меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида бўлишди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари асосида ташқи иқтисодий фаолиятни хусусан, божхона тартиб-таомилларини рақамлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақида учрашувда Давлат божхона қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари И.Мухторов батафсил тўхталиб ўтди.

Учрашувда божхона органлари фаолиятига тадбиқ қилинган Хавфларни бошқариш тизимининг аҳамияти, рақамли божхона тамойили, божхона расмийлаштируви жараёнларини назорат ва таҳлил қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, Давлат божхона қўмитасида ташкил қилинган Ситуацион марказ фаолияти юзасидан батафсил ахборотлар бериб ўтилди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Қирғизистон Республикаси давлат божхона хизмати вакиллари делегацияси Ўзбекистоннинг ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи еТIR лойиҳасини қўллаш бўйича тажрибасини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишди.

Хабарингиз бор, 2021 йил 25 майдан эътиборан дунё бўйлаб, Халқаро йўлларда ташиш китобчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясинининг янги 11-иловаси, содда қилиб айтганда “еТIR халқаро тизими” - ТИР - карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи тартиб-таомилларга хуқуқий асос расман кучга кирди.

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 5 июндаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги
ПФ-6005-сонли Фармони билан тасдиқланган 2020-2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган концепцияда Ўзбекистон Республикасида ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи еТIR лойиҳасини жорий этиш белгиланган эди.

Мазкур Фармон ижросидан келиб чиқиб, еТIR лойиҳаси синов тарзида илк бор 2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган бўлса, жорий йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасиаги ташувларларда ҳам ушбу лойиҳа қўлланила бошланди.

Келгусида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ташувларда ҳам ушбу лойиҳа амалиётга жорий этилиши режалаштирилган бўлиб, қирғиз делегациясининг ташрифи айни шу йўналишдаги ҳаракатларнинг дастлабки босқичи ҳисобланади.

Ташрифнинг иккинчи кунида меҳмонлар Тошкент вилояти божхона бошқармасининг Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги “Яллама” чегара божхона постида бўлишди.

Айни шу куни мазкур постда “eTIR: Яшил йўлак” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди ва лойиҳа расман ишга туширилди.

Тақдимотда Давлат божхона қўмитаси, Халқаро автомобиль транспорт иттифоқи, Туркий кенгаш, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотлари (GIZ) вакиллари, Қирғизистон Республикаси давлат божхона хизмати делегацияси ва хайдовчилар иштирок этишди.

“eTIR: Яшил йўлак” лойиҳаси доирасида эндиликда “Яллама” чегара-божхона постида  eTIR имкониятларидан унумли фойдаланган, яъни ТИР-карнет китобчалари асосида ташувларни электрон расмийлаштирган юк автотранспорт воситалари учун алоҳида йўлак ташкил қилинди.

Бу эса мазкур юк автотранспорт воситаларининг ҳеч қандай навбатларсиз пост орқали эркин ҳаракатланишларига имкон яратади, электрон ташувларни ривожлантиришни рағбатлантиради, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнининг шаффоф амалга ошиши, энг муҳими сарфланадиган вақтни қисқартиришга хизмат қилади.

 

30.06.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг