Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Миллий кинология марказида Пресс-тур ўтказилди
1469
Давлат божхона Миллий кинология марказида Бирлашган миллатлар ташкилоти гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ёшлар иштирокида Пресс-тур ўтказилди.
Миллий кинология марказида Пресс-тур ўтказилди

Пресс-тур давомида Милий кинология маркази директори А.Турсунов журналистлар ва ёшларни марказ фаолияти билан яқиндан таништирди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу марказ Бирлашган миллатлар ташкилоти, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб ҳалқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилган бўлиб, 2008 йилда Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.

Марказда Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини тайёрлаш, танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш ишлари амалга оширилади. Шунингдек, халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакиллари ўқитилади.Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ушбу кинология йўналишдаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари доирасида зотдор хизмат итларини кўпайтириш, сотиб олиш, сотиш ва алмашиш йўлга қўйилган.

Марказ зиммасига Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кинология хизматларини услубий таъминлаш, малакали кинологларни ва наслдор хизмат итларини тайёрлаш ва қайта тайёргарликдан ўтказиш каби вазифалар юклатилган.

Ўтган давр мобайнида Миллий кинология маркази нафақат республикамизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланди.

Марказда гиёвандлик воситаларини қидириш, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддаларни қидириш, антитеррор, из-қидирув, ҳимоя-қоровул хизмати, қидирув-қутқарув хизмати, валюта қимматликларини қидириб топиш, мина қидирув, тамаки маҳсулотларини қидириш, шунингдек, ўсимликлар уруғларини қидириш каби йўналишлар бўйича хизмат итлари тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги  “Давлат божхона органлари фаолиятини тубдан такомилаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5414-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда 2018 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази фаолиятини янада такомиллаштириш  чора-тадбирлари тўғрисида” Вазирлар Маҳкамасининг 1029-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан хизмат итларида турли вазиятларда вазифани бажариш кўникмасини шакллантириш учун Марказда реал шароитга максимал даражада яқинлаштирилган зарур инфратузилма яратилди.

Хусусан, хизмат итлари билан амалий машғулотлар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида, дала шароитини тўла-тўкис ўзида акс эттирувчи машқ майдонлари, турли тўсиқлар ҳамда қидирув машқларини ўтказиш учун мосламалар, темир йўл вагони, теплоход, самолёт, контейнерлар, енгил ва юк автоуловлари, автобус, сунъий харобалар, тоғ-тошли рельеф, божхона назоратидан ўтказиш пункти макетлари яратилган.

Шунингдек, кинология хизмати фаолиятидан самарали фойдаланиш мақсадида, ҳудудий бошқармаларга хизмат итларини ташиш учун мўлжалланган махсус автотранспорт воситалари билан таъминланган.

Ўтган йиллар давомида Марказда божхона органларининг кичик-инспектор кинологлари турли йўналишлар бўйича ўқув курсларида ўқитилиб, 860 бош хизмат итлари тайёрлаб берилди. 

Пресс-тур иштирокчилари марказ фаолияти,  кинологлар томонидан хизмат итларини тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишишди.

Айниқса, ёшлар божхона соҳасини нақадар масъулиятли соҳа эканлигини теран англаб етиб, хизмат итлари  кўмагида турли жиноятларнинг олди олинишига бевосита гувоҳ бўлишди.  

Тадбирда иштирок этган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал томонидан ушбу марказда фаолият олиб бораётган кинологлар маҳорати ва хизмат итларининг тайёргарлик даражасига юқори баҳо берилди.

Шунингдек, марказ фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги амалий ҳамкорлик изчил давом эттирилиши маълум қилинди.

2.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг