Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Журналистлар Самарқанд халқаро аэропортида хизмат ўтаётган божхоначилар фаолияти билан танишишди
1162
Маълумки, сўнгги йилларда юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларга хизмат кўрсатишни яхшилаш учун божхона тизими такомиллаштирилди. Хусусан, 2018 йил 1 январдан бошлаб республикамизнинг барча халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлак тизими жорий этилиб, божхона назоратидан ўтиш жараёни соддалаштирилди.
Журналистлар Самарқанд халқаро аэропортида хизмат ўтаётган божхоначилар фаолияти билан танишишди

Бугун “Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар божхона чегарасида йўловчилар ҳаракатланишлари учун яратилган қулайликлар билан яқиндан танишишди.

Икки йўлакли тизим жорий этишдан олдин Ўзбекистон Республикасига Самарқанд аэропорти орқали кириб келишда 1 та рейсда учиб келган йўловчиларга (150-190 киши) багажларини қабул қилиб, чегара ва божхона назоратидан ўтиш учун ўртача 2 соатдан кўп вақт сарфланган бўлса, эндиликда ушбу жараён қисқа фурсатларда амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида маънавий-маърифий меросимиз, бетакрор обидаларимиз, улуғ алломаларимизнинг ибратли ҳаёти ва фаолиятини тарғиб этиш, халқимизга хос урф-одат, анъана ва қадриятларимиз билан хорижликларни яқиндан таништириш муҳим аҳамиятга эга.

Айниқса, “Шарқ гавҳари”, Ер юзининг сайқали, деб таърифланадиган Самарқанд шаҳрини сайр қилиш кишига унутилмас таассуротлар ҳадя этади. Унинг муқаддас қадамжолари, азиз-авлиёлар мангу қўним топган манзилларини зиёрат қилиш қалбга ҳикмат улашса, тўкин бозорлари, афсонавий нони, соҳибқирон Амир Темур асос солган боғлари, саратон авжида ҳам танага роҳат бахш этувчи насими кишига завқу шавқ бағишлайди.

Бугун Самарқанд халқаро аэропорти орқали мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳларни хорижий тилларни пухта эгаллаган божхона ходимлари янги қиёфада, кўтаринки кайфиятда кутиб олишмоқда. Бу айниқса хорижлик сайёҳларда ёрқин таассурот қолдирмоқда.

Агар таҳлилларга эътибор қаратсак, 2021 йилнинг январь-июнь ойлари давомида Самарқанд халқаро аэропорти орқали  жами 727 та халқаро авиарейслар амалга оширилган. Шундан 414 та доимий ва 313 та чартер рейслар парвози ташкил этади. Ҳафтасига 50 дан ортиқ авиарейслар мавжуд. Мазкур авиарейслар орқали жами 121 455 нафар йўловчи ҳаракатланган.

Шундан “қизил” йўлак орқали 416 нафар, “яшил” йўлакдан 121 039 нафар йўловчи ҳаракатланган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ўтган давр давомида мазкур божхона пости орқали жами 61 та божхона қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шундан  4 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Аниқланган 57 ҳолатда эса ҳуқуқбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, 61 та ҳолат бўйича 582,0 млн сўмлик товар-моддий бойликлар тегишли тартибда вақтинча сақловга олинган.

7.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг