Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бухорода экспорт-импорт операциялари жадал давом этмоқда
1344
Бухорода иқтисодий салоҳият, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва албатта, туризм йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Бу эса вилоятнинг ташқи савдо кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир этмоқда.
Бухорода экспорт-импорт операциялари жадал давом этмоқда

Бунга биз Бухоро вилояти божхона бошқармасининг биргина  “Бухоро” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости мисолида ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

27 йил муқаддам Бухоро шаҳридаги темир йўл бекати майдонида ташкил этилган мазкур постда ҳозирда Бухоро шаҳри, Бухоро, Пешкў ва Ромитан туманларидаги ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Постда давлат бюджетига божхона тўловларини ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри ундирилишини таъминлаш, контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши курашиш, товар ва транспорт воситалари ҳаракати устидан тўлиқ божхона назоратини ўрнатиш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай муҳит яратиш борасида муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, экспортга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, республикамизга импорт қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларнинг божхона расмийлаштируви соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан ўтказилмоқда.

Йил бошидан 14 июлга қадар “Бухоро” ТИФ божхона постида расмийлаштирилган 8,4 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари асосида қиймати салкам 242 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи товарларнинг экспорти ва импорти амалга оширилди.  Вилоятда ташқи савдо асосан Эрон, Туркманистон, Россия, Туркия, Германия, Хитой каби мамлакатлар билан амалга оширилган.

Мазкур жараёнларда давлат бюджетига салкам 268 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилди. Аслида бюджетга ундирилаётган тўловлардан кўра тадбиркорларимизга божхона тўловларидан берилаётган имтиёзларнинг салмоғи катта эканлиги мамлакатимизда тадбиркорларга божхона соҳасида кенг енгилликлар берилаётганини англатади. Аҳамият беринг, йил бошидан буён тадбиркорларга божхона тўловларидан 233,8 млрд. сўмлик имтиёзлар қўлланилди.

 Бир сўз билан айтганда, “Бухоро” ТИФ божхона пости ходимлари ҳам ҳозирги мураккаб ва синовли кунларда маъсулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда иқтисодий барқарорликни таъминлаш, тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашишда камарбаста бўлишмоқда.

 

17.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг