Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди
857
Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Сўнгги беш йилликда божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий натижалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот воситалари ва журналистлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди

Тадбирда журналистларга ДБҚ Раисининг биринчи ўринбосари И.Мухторов ҳамда масъул бошқармалар бошлиқлари сўнгги беш йилликда божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий натижалари хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари асосида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.

Айниқса, тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказилмоқда.

Натижада, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2020 йилга келиб, 2017 йилга нисбатан 51,5 фоизга ошди. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сони ҳам 2017 йилда салкам 7,5 минг нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирда ўртача 22,5 минг нафарни ташкил қилмоқда.

2016 йилда божхона чегаралари орқали 361 мингдан зиёд автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлса. 2020 йилда эса бу кўрсаткич салкам 2.6 баробарга ортиб, 934,5 мингдан ошди.

Темир йўлда 2016 йилда – 532,9 мингдан зиёд вагон ва контейнерлар орқали юклар ташилган бўлса, бу кўрсаткич ҳам 1,4 баробарга ошиб, 2020  йилда 748,9 мингни ташкил қилди.

Йўловчилар сони 3 баробарга ошиб, 2016 йилда 15,1 млн. нафарни, 2019 йилга келиб эса 42,5 млн. нафарни ташкил қилди.

2017-2021 йилларда  божхона соҳасида 142 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Шуларнинг 23 таси қонун, 40 таси Президент ҳужжатлари, 105 таси ҳуқумат қарорлари, 95 таси ДБҚ қарорлари ҳисобланади. Натижада 10 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари бекор қилинди.

Божхона органлари фаолиятида сўнгги беш йиликнинг энг муҳим янгилиги - “Хавфни бошқариш” тизими тадбиркорларда халоллик ва қонунга итоаткорликка интилишни рағбатлантирмоқда.

Ҳусусан, тизим ишга туширилган дастлабки йилда 700 га яқин ташкилотлар ҳалол деб баҳоланган бўлса, бугунга келиб ушбу ташкилотлар рўйхати 1800 дан ортди.

Илгари тадбиркорларнинг барча юклари ёппасига божхона кўригидан ўтказилган бўлса, ҳозирда экспортда 84% ва импортда 74% юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда.

Кўриклар сони 1,7 маротаба камайиб, самарадорлиги 1,5 баробар ортди. Вақт сарфи экспортда 1,7 маротаба  ва импортда 1,4 баробар қисқарди.

Божхона юк декларацияларини рўйхатдан ўтказиш жараёни тўла автоматлаштирилди. Натижада 1-2 дақиқани ичида тадбиркор декларацияни божхонада мустақил равишда ўзи рўйхатдан ўтказмоқда. Илгари бу жараёнга ўртача 1 соат вақт сарфланган.

2017 йилга қадар божхона органлари фаолиятига 23 та ахборот тизими жорий қилинган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич қарийб 3 баробарга ортиб, 63 тага етди. 

Божхона назоратининг замонавий-техник воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. 2017 йилда божхона идоралари фаолиятида 1187 та назорат-техник воситалардан фойдаланилган бўлса, ҳозирда 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 6 баробарга ортди ва 7047 тани ташкил қилмоқда. 

2017 йилда давлат бюджетига 7,6 трлн. сўм ундирилган бўлса, 2021 йил 1 ярим йилликда бу кўрсаткич 15 трлн. сўмни ташкил қилди.

2017 йилга қадар импорт божхона божининг ўртача арифметик ставкаси 15.6 % ни ташкил қилган. Ҳозирда бу кўрсаткич 8 % ни ташкил қилади.

Мобил иловалар орқали божхона тўловларини тўлаш имконияти жорий қилинди. 2020 йилдан бошлаб ҳозирга қадар 246 млрд. сўмлик божхона тўловлари айнан мобил иловалар орқали амалга оширилди.

Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш учун электрон мурожаат қилиш йўлга қўйилди.

Контрабанда божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланиши натижасида 2017 йилда 125,3 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган, 2021 йилнинг дастлабки ярмида эса бу кўрсаткич 376,3 млрд. сўмни ташкил қилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан 2017 йилда 6.4 млрд. сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган бўлса, жорий йилнинг 6 ойи давомида 271,4 млрд. сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Анжуманда божхона соҳасига доир барча йўналишларда эришилган кўрсаткичлар йиллар кесимида аниқ таҳлиллар ва мисоллар билан кўргазмали тарзда журналистларга етказилди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

26.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг