Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда – шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш муҳим омил ҳисобланади
1033
Мамлакатимизда коррупциявий жиноятларни олдини олиш, унга қарши курашиш ва чек қўйишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишда – шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш муҳим омил ҳисобланади

2021 йил 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ни ПҚ-5177-сон Қарори қабул қилинди.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан вилоят Адлия бошкармаси билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тадбирда айнан коррупциянинг салбий оқибатлари ҳамда Президентимизнинг коррупцияга оид янги қабул қилинган Фармон ва қарори мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида шахсий таркиб иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Эндиликда мазкур Фармон ва қарор билан коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Фармонга мувофиқ, “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади. Унга мувофиқ:

– давлат хизматчиси томонидан декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга асос бўлади;

– 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади (хорижда ишлаётган давлат хизматчилари ва давлат хизматига киришдан олдин олинган мол-мулк бундан мустасно).

Фармонда тегишли давлат идоралари ва вазирликлар томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди:

– давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларациялаш; 

– давлат хизматчиларининг манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш;

– жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;

– коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;

– даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;

– коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш;

– давлат бошқаруви органларининг назорат соҳасидаги функцияларини мақбуллаштириш.

Шунингдек, Қарор билан, 2021 йил 1 декабрга қадар даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текширишнинг электрон ахборот тизимини яратиш, шунингдек, 2022 йил давомида уни солиқ, божхона, давлат кадастри ва бошқа тегишли органлар маълумотлар базалари билан интеграция қилинади.

- 2022 йил 1 январдан бошлаб «ҳалоллик вакцинаси» тамойили асосида давлат хизматчиларини мунтазам равишда коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича махсус ўқув курсларда ўқитиш тизимини жорий этилади.

Мазкур фармон билан  Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган 6 та  ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, яна 8 таси ўз кучини йўқотди.

Хулоса ўрнида, энг аввало, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилган ҳисобланади.

Бу каби тадбирларни ўтказишдан мақсад – янги қонун ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш билан бирга, юртимизда коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бу жараёнларда жамоатчилик иштирокини кенгайтиришда муҳим ўрин эгаллайди.

28.07.2021

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг