Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси фаолиятининг жорий йил биринчи чорак якунлари бўйича ҳисоботи берилди
3038
Жорий йилнинг 17 февраль куни Президентимиз ҳузурида божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва соҳани коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича устувор вазифаларга қаратилган видеоселектор йиғилишида ҳам божхона органларига қатор вазифа ва топшириқлар юклатилган.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси фаолиятининг жорий йил биринчи чорак якунлари бўйича ҳисоботи берилди

Ушбу вазифалар ҳамда 2022 йилги давлат дастури ижроси бўйича Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан жорий йил  биринчи чоракда қатор ишлар бажарилди.

Мазкур амалга оширилган чора-тадбирларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида очиқ мулоқот тарзидаги Сурхoндарё телерадиоканалининг “Диалог” кўрсатувида вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Қаҳрамон Умаров иштирок этди.

Кўрсатув орқали берилган маълумотларга кўра, 2022 йил январь-март ойларида вилоят ташқи савдо айланмаси  83,6 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, 2021 йил шу даврига нисбатан 9 млн. АҚШ доллари ёки 10 % га камайган.

Экспорт қилинган товарлар улуши 38 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига (нисбатан 11,6 млн. АҚШ доллари ёки 44 % га кўпайган.  

Шунингдек, импорт қилинган товарлар улуши 45,6 млн. АҚШ долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,6 млн. АҚШ доллари ёки 31%га камайган.

Божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган январь-март ойлари давомида ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига 311 млрд.сўм божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 209 млрд.сўм га ёки 204 % га кўп дегани. Имтиёзлар асосан импортга олиб келинган мева-сабзавот маҳсулотлари, технологик асбоб ва ускуналар  ва юк автотранспорт товарларга нисбатан қўлланилган.

Божхона органлари нафақат иқтисодий балки давлат хавфсизлигига яъни божхона чегаралари орқали кириб келаётган контрабанда ашёларини тўхтатиб қолиш вазифасини ҳам бажаради. Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан 2022 йилнинг январь-март ойлари давомида 209 та божхона қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, 1 млрд. 156 млн. сўмлик ноқонуний товарлар далилий ашё сифатида олинган.

Контрабандага қарши курашиш йўналишида жорий йилнинг 3 ойи давомида 15 та ҳолатда божхона постлари орқали кириб келаётган ва ички ҳудудларда ноқонуний муомалада бўлган жами 141 кг 470 гр гиёҳвандлик воситалари ва 610 дона гиёҳвандлик ҳамда психотроп таблеткалари божхона ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқ тартибот идора вакиллари билан ҳамкорликда тўхтатиб қолинган.

Шунингдек, Қ.Умаров воҳамизда фаолият юритувчи тадбиркорларга қонунчиликдаги ўзгаришлар юзасидан маълумот бериб ўтди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 апрелдаги "Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида" ПФ-101-сонли Фармони билан,  2022 йил 1 майдан бошлаб:

* Чекланган субъектларга татбиқ этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари тармоқлардаги барча субъектлар учун татбиқ этилади.

Масалан: Пилла йигириш ва ипак газлама тўқиш дастгоҳларининг эҳтиёт қисмлари, тут дарахти уруғи ва кўчатлари импортида божхона тўловларидан қўлланилаётган имтиёзлар фақат «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси таркибига кирувчи ташкилотларга татбиқ қилиниши белгиланган эди. Эндиликда эса  имтиёзлар ушбу тармоқдаги барча субъектларга қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бўйича:

2020 йил 1 июлга қадар маъқулланган ва Ўзбекистон Республикасининг тижорат банклари орқали қайта молиялаштириладиган ёки қайта кредитланадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари (қарзлари, кредитлари) ҳисобидан олинадиган товарлар (хизматлар) бўйича солиқ ва божхона имтиёзлари бекор қилинади. Мазкур норма тижорат банклари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида янги тузиладиган битимлар (расмийлаштириш шакли ва усулидан қатъий назар) асосида олинадиган товарларга (хизматларга) татбиқ этилади;

- 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

божхона божлари бўйича имтиёзлар фақатгина Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан берилади Бунда, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши хулосаси олиниши мажбурий ҳисобланади.

Шу билан бирга, Фармоннинг 3-иловасига мувофиқ айрим солиқлар ва божхона имтиёзлари босқичма-босқич бекор қилиниши белгиланган бўлиб, 2022 йил 1 июлдан бошлаб 21 та, 2023 йил 1 январдан бошлаб 18 та норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тақдим этилаётган имтиёзлар бекор қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига мувофиқ 2022 йил 30 апрелга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқ, ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланган.

2022 йил январь-март ойларида мобайнида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан:

-Мол (гўшт) маҳсулотига – 0,6 млрд сўм

-Картошка маҳсулотига – 59,5 млрд сўм

-Ёғ маҳсулотига – 0,8 млрд сўм имтиёз қўлланилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 октябрдаги 627-сон қарорига асосан Цитрус мевалар, банан, киви, олма ва бошқа мевалар (финик, анжир, ананас, авокадо, гуайява, манго, папая, беҳи, нок) учун 2022 йил 1 майга қадар муддатда истисно тариқасида божхона божидан озод қилинган.

2022 йил январь-март ойларида мобайнида ушбу маҳсулотлар учун божхона бошқармаси томонидан 108,5 млрд. сўм имтиёз қўлланилди.

Кўрсатув якунида, Қ.Умаров томонидан, юқорида айтиб ўтилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун имтиёзлар 2022 йил 1 майдан бошлаб ўз кучини йўқотишини, шу сабабли келгусида юзага келиши мумкин бўлган низоли ҳолатларни олдини олиш мақсадида, тадбиркорлар томонидан четдан олиб келинаётган ушбу турдаги озиқ овқат маҳсулотларини ўз вақтида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш лозимлигини таъкидлаб ўтилди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати

 

 

27.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг