Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида 2022 йилнинг дастлабки чорагида қандай натижаларга эришилди?
2959
Божхона органлари томонидан мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона тўловларини ундириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, “яширин иқтисодиёт”га қарши курашиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда чек қўйиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Буни биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, 2022 йил январь-март ойлари мобайнида бошқарма томонидан 3 трлн. 849,4 млрд. сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, давлат бюджетига ўтказилишига эришилди.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида божхона тўловларидан салкам 3,5 трлн. сўмга яқин имтиёзлар берилди.

Имтиёз қўлланилган асосий товарлар таркибини транспорт воситалари ва унинг қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика маҳсулотлари, тиббиёт асбоб-ускуналари ҳамда маиший-техника ва уларнинг қисмлари ташкил этди.

Шунингдек, бошқарма томонидан ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига 294,7 млрд. сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилди.

Бу эса тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хорижга экспорт қилишни муносиб рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда.

Масалан, жорий йилнинг ўтган 3 ойи мобайнида 399,3 млн. АҚШ долларлик товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди.

Мазкур кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 20,6 млн. АҚШ $ ёки 5,2 %га ошди.

Товарлар 80 га яқин давлатларга экспорт қилинган бўлиб, асосий ҳамкор давлатлар Россия, Туркия, Хитой ва Қозоғистон давлатлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Экспорт қилинган асосий товарлар: металлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, тўқимачилик, электроника ва уларнинг қисмлари, калава ип, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Божхона постларида жами 80 мингдан ортиқ та божхона юк декларациялари расмийлаштирилиб, 20 мингга яқин божхона кўриги жараёнлари амалга оширилди.

Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг  26,5 фоизи  “яшил йўлак”, 48,3 фоизи  “сариқ  йўлак”, 25,2 фоизи  “қизил йўлак” тартибида  расмийлаштирилди.

Содда қилиб айтганда, бошқармада тадбиркорларнинг 75 % юклари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди.

Бошқармада божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, 615 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, далилий ашё сифатида 36,3 млрд. сўмлик товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди.

Бошқарма томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи  бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши кураш йўналишида 7 та ҳолатда 45,24 гр., 1 туп марихуана ўсимлиги ва 5120 дона “трамадол” гиёҳвандлик воситалари,  психотроп ва кучли таъсир этувчи, заҳарли ва заҳарловчи моддаларни ноқонуний айланиши билан боғлиқ  21 та  ҳолатда 2 кг. 826,37 гр. кучли таъсир этувчи моддалар ҳамда 34 976 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари ушлаб қолинган.

Бошқармада 2021 йилнинг 3 ойи давомида қилинган ишлар, аниқланган ҳолатлар, ўтказилган учрашувлар, сайёр қабуллар тарғиботи юзасидан маҳаллий ҳамда марказий телевидениялар, радио ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали жами  309 маротаба чиқишлар амалга оширилди.

Келгусида ҳам қуйидагилар йўналишлар бошқарманинг асосий стратегик йўналишлари бўлиб қолади:

  • Контрабанда ва божхона қонун бузилишига қарши муросасиз курашиш;
  • Фискал вазифаларни ортиғи билан бажариш, божхона тўловларини ўз вақтида ва тўғри ундириш;

Бунда, илғор усулларни қўллаган ҳолда божхона назоратини  олиб бориш

  • Замонавий технологиялар ва махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда фаолият самарадорлигини ошириш;
  • Божхона процедураларини соддалаштириш, хавфни бошқариш механизмлари орқали ҳалол тадбиркорларга имтиёзли божхона расмийлаштирувини амалга ошириш;
  • Кадрлар билан ишлаш ва коррупцияга қарши муросасиз олиб бориш.

Шу ўринда фуқароларга бошқарма фаолиятига оид маълумотларни ижтимоий тармоғи орқали  бошқарманинг расмий телеграм канали кузатиб боришлари, бошқарма фаолиятини такомиллаштириш, экспорт-импорт операциялари билан боғлиқ мурожаатларини бошқарманинг 71-207-09-39 телефон рақами ёки toshkent_shahri@customs.uztashkent_customs@exat.uz почта манзиллари орқали йўллашлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз. 

30.04.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг