Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона институтида Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари томонидан “Тренерларни тайёрлаш” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди
2112
Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида жорий йилнинг 4-8 июль кунлари Жаҳон божхона ташкилоти (ЖБТ) экспертлари иштирокида “Тренерларни тайёрлаш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

Ўқув машғулотини Жаҳон божхона ташкилоти Инсон ресурсларини ривожлантириш директорати экспертлари Си Мохаммед Ал Хайл ва Дашгин Алиевлар олиб боришди.

Ушбу семинар-тренингда ДБҚнинг Халқаро ҳамкорлик ҳамда Кадрлар бошқармаси вакиллари, Миллий кинология маркази ва Божхона институти ходимларидан иборат жамоа иштирок этди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – республика божхона органларида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш эҳтиёжини таҳлил қилиш, бошланғич ва узлуксиз таълим доирасида ушбу йўналиш мутахассислари - услубиётчи ва ўқитувчилар учун ўқув мушғулотларини лойиҳалаш, ишлаб чиқиш ва ўтказиш жараёнига кўмаклашиш ҳамда божхона органлари тизимидаги тренерларнинг мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ва қобилиятларининг янги қирраларини очиб беришдан иборат бўлди.

ЖБТ вакиллари таъкидлаганидек, божхона идоралари дунё мамлакатларининг фискал сиёсатини олиб борувчи муҳим бўғини бўлиш билан бир қаторда, иқтисодий тараққиёт мақсадларига эришишга кўмак берувчи молиявий институт ҳам ҳисобланади.

Шу билан бирга, божхона идоралари бутун бир мамлакат ҳақида яхлит тасаввур хосил бўлишига сабаб бўлувчи биринчи орган бўлганлиги сабали, фуқаролар ва тадбиркорлар билан ишлайдиган профессионал давлат ишчисини акс эттирувчи кўзгу бўлиб ҳам хизмат қилади.

Хозирда божхона органларининг муваффақиятли фаолият олиб бориши, кўп жиҳатдан божхона иши соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш тизимига бевосита боғлиқдир.

Ўз навбатида, ушбу тизим халқаро талабларга мос, ўқитишнинг инновацион шаклларидан иборат, амалиётга йўналтирилган ва юқори малакали ходимларни тайёрлаш билан бир қаторда малакасини оширишнинг ягона уйғунлашган тизимига асосланган бўлмоғи долзарб масалалардан бири ҳисобланади. ЖБТ Котибияти эса ўз ўрнида республика божхона идораларига бу масалаларда яқиндан ёрдам бериб келмоқда ва ишларни тизимли равишда амалга оширмоқда.

Илмий-амалий семинар қизғин ва интерфаол шаклда олиб борилди. Иштирокчилар таълим бериш жараёнида тўплаган билим ва тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Шунингдек, ЖБТ вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида соҳага оид самарали ва амалиётга йўналтирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Иштирокчилар тренинг давомида олинган билим ва кўникмаларни албатта ўз фаолиятлари давомида фойдаланишларини ва  доимий равишда компетентлигини ошириб боришга ҳаракат қилишларини таъкидладилар.

Семинар сўнгида тренерларга миннатдорчилик билдирилиб, ЖБТ билан ҳамкорликда бу каби тадбирларни мунтазам равишда ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

8.07.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг