Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юртимизга 56 та тимсоҳ ва 10 та буқаламуннинг яширинча олиб кирилиши фош қилинди
521
Турли найрангларни қўллаган ҳолда мўмай даромад илинжида божхона назоратини четлаб ўтишга бўлган уринишлар, хусусан, юртимизга турли ҳайвонларни тегишли рухсатномаларсиз ноқонуний тарзда олиб кирмоқчи бўлган қонунбузарларга қарши божхона органлари томонидан тизимли тарзда кураш олиб борилмоқда.
Юртимизга 56 та тимсоҳ ва 10 та буқаламуннинг яширинча олиб кирилиши фош қилинди

2022 йил 30 август куни Тошкент халқаро аэропортига Миср давлатидан учиб келган фуқароларнинг қўл юклари ўрнатилган тартибда рентген ускуналари орқали текширилганида, йўловчилардан бирининг юклари божхоначилар эътиборини тортди.

Ўтказилган текширув натижасида, фуқаро М.С. яширинча 56 бош тирик тимсоҳ болаларини тегишли ҳужжатларсиз юртимизга яширинча олиб келаётгани фош бўлди.

Маълумотларга кўра, мазкур тимсоҳ болаларининг умумий қиймати 918,5 миллион сўмни ташкил қилади.

Туғилганига бир ҳафта бўлган мазкур “Нил тимсоҳи” турига мансуб тимсоҳ болалари ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари томонидан аҳволи қониқарли баҳоланмоқда.

Шунингдек, 2022 йил 31 август куни эса Мисрдан Тошкентга учиб келган фуқаролар Тошкент халқаро аэропортида яшил йўлакдан ҳаракатланар экан, улар орасидаги фуқаро Я.Ж. безовталаниши туфайли ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада ушбу шахснинг юклари орасидаги пластик идишда 10 дона буқаламун борлиги аниқланди.

Ушбу буқаламунларнинг умумий қиймати 54,7 миллионни ташкил қилиши маълум бўлди.

Ҳозирда буқаламунлар Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, ташиш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабабли, мутахассислар томонидан улардан 6 тасининг аҳволи оғирлиги маълум қилинди.

Амалдаги тартибларга кўра, Қизил китобга киритилган ёввойи ҳайвонларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқиш Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

31.08.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг