Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистонга 1 млн. донадан зиёд қалбаки акциз маркаларни олиб киришга уринган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди
355
Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга четдан олиб кириладиган ва ўзимизда ишлаб чиқариладиган алкоголли ичимликлар Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан қадоқланиши шарт.
Ўзбекистонга 1 млн. донадан зиёд қалбаки акциз маркаларни олиб киришга уринган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди

Бу энг аввало, аҳолини сифатсиз алкоголли маҳсулотлардан ҳимоя қилиш билан бир қаторда давлат бюджетига божхона ва солиқ тушумларининг тўлиқ ва тўғри ундирилишига ҳисса қўшади.

Сўнгги йилларда Давлат божхона қўмитаси томонидан қўшни мамлакатлар божхона хизматлари билан фаол ҳамкорлик ҳамда ўзаро ахборот алмашинувининг чуқур йўлга қўйилаётганлиги амалда ўзининг нафини кўрсатмоқда.

Яқинда Ўзбекистон ва Қирғизистон божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорликдаги тезкор тадбири давомида қалбаки акциз маркаларини тайёрлаб, уни ўтказишга уринган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош қилинди.

Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси томонидан Андижон вилоятида Давлат хавфсизлиги хизмати ва вилоят божхоначилари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 3-6 ноябрь кунлари тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.

Қирғизистон Республикаси божхона хизматидан олинган тезкор маълумотга асосан “Хитой-Туркия-Қирғизистон” йўналишида ҳаво йўллари орқали Бишкек шаҳрига олиб келинган халқаро куръерлик жўнатмасида Ўзбекистон Республикасининг 1 млн. 8 минг дона  қалбаки акциз маркалари борлиги аниқланади.

Дастлаб Бишкек шаҳрида акциз маркаларни Ўзбекистонга олиб кетиш мақсадида қабул қилиб олган қўшни давлат фуқароси божхона хизмати тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди. Унинг кўрсатмасига биноан қалбаки акциз маркаларни Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи шахсга етказиши лозим эди.

Шундан сўнг тезкор тадбир мамлакатимиз ҳудудида - Андижон шаҳри Боғишамол даҳасида давом эттирилиб, қалбаки акциз маркаларни қабул қилиб олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳам қўлга олинди.

Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қалбаки акциз маркалари   Наманган шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқароси буюртмаси бўйича тайёрланган ва Қирғизистонга келтирилган. Бунинг учун ушбу шахс томонидан акциз маркаси намунасини қалбакилаштириш бўйича Андижонда истиқомат қилаётган хорижий шахс орқали муқаддам Хитойга буюртма берган.

Хитойда тайёрланган сохта маркалар Туркия орқали дастлаб Қирғизистонга, сўнгра Ўзбекистонга олиб кирилиши кўзланган эди.

Табиийки, қалбаки акциз маркалари сифатсиз ва қўлбола тарзда ишлаб чиқарилган алкоголь маҳсулотлари учун қўлланилади. 1 млн 8 минг дона сохта акциз маркаси демак 1 млн 8 минг шиша қўлбола усулда тайёрланган ароқ учун қўлланилади. Бир шиши ароқни ўртача 2-3 нафар истеъмол қилса, демакки, ўртача 2-3 млн. нафар юртдошларимиз қалбаки ароқдан заҳарланган ва эҳтимол уларнинг маълум қисми заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлар эди.

Юртдошларимиз саломатлиги учун туғиладиган жиддий хавфдан ташқари, давлат бюджетига ҳам 9 млрд. 801 млн. сўмдан зиёд зарар етказилар эди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

 

14.11.2022

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг