Ўзбекистон анжуманлар саройида йиғилишнинг асосий тадбири бўлиб ўтди.

Улашинг

26-04-2024

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов очиб берди.

Таъкидланганидек, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсатда олиб борилаётган очиқ, фаол ва конструктив мулоқот Ўзбекистон ва МДҲга аъзо давлатлар ўртасида сўнгги 7 йилликдаги кўрсаткичларда ҳам ўзининг муносиб ифодасини топмоқда.

Аҳамият беринг, Ўзбекистон ва МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро товар айланмаси сўнгги 7 йилда 2,5 баробарга ошган. Жумладан, Арманистон билан 10 баробарга, Озарбайжон билан 8 баробарга, Тожикистон билан 5 баробарга, Беларус ва Қирғизистон билан 3 баробарга, Россия ва Қозоғистон билан 2,5 баробарга ошган.

Бу эса Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан чегара-божхона постлари орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар ҳамда темир йўл ва авто юк транспорт воситалари мутассил ўсиб бораётганидан ҳам далолат беради.

Демак, МДҲ доирасидаги мавжуд техник майдонча ва платформаларда электрон тижоратни янада ривожалантириш, бунда мавжуд тўсиқларни зудлик билан бартараф этишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон божхона хизмати сўнгги икки йилда қатор натижаларга эришди. Жумладан, хавфларни таҳлил қилиш орқали бизнесни қўллаб-қувватлашга асосланган рақамли инфратузилмага асос солинди. 

Йиғилишда А.Мавлонов Ўзбекистон божхона хизмати бу борадаги тажрибани ўртоқлашишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Маълумки, МДҲга аъзо давлатлар бир-бирлари йўлга қўйилган икки томонлама ҳамкорлик доирасида қатор соҳаларда ахборот алмашиб туришади. Лекин, бунда айрим маълумотларнинг ҳамон қоғоз кўринишида алмашинилаётгани ташқи савдонинг тезкорлигига ҳалал бермоқда.

Масалан, томонлар бир-бирига божхона имтиёзларини тақдим қилишларида ҳал қилувчи ҳужжат саналувчи товар келиб чиқишига доир сертификатларнинг ҳамон қоғоз шаклида тақдим қилинаётганини замонавий дунёда ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Йиғилишда МДҲаъзо давлатлар ўртасида ушбу ҳужжатни рақамли шаклда алмашишни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилди.

Шунингдек, МДҲ доирасида товарларнинг эркин ҳаракатланишидаги тўсиқлар ва чекловларни камайтириш, юк транзити ҳаракатини тезлаштириш, товарларни дастлабки декларациялашда замонавий ахборот технологияларини жорий этишга кўмаклашиш ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларига айланиши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда контрафакт товарларнинг трансчегаравий олиб ўтилишига қарши курашишда ҳамда молиявий операцияларни амалга оширишда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишда ўзаро ахборот алмашиш амалиётини кенгайтириш илгари сурилди.

Бу эса МДҲнинг 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодий ривожланиш стратегиясида белгиланган мақсадларга биргаликда эришишда муҳим аҳамият касб этади.

Мажлисда божхона назоратини ташкил этиш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, божхона экспертизаси, шунингдек кенгаш фаолияти ҳамда ташкилий турдаги 12 та масала кўриб чиқилди ва якуни бўйича тегишли қарор имзоланди.