Статистик маълумотлар, услубий материаллар ва ижтимоий роликлар

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурлариининг қабул қилинаётганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 27 май куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5729-сон Фармон бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Мазкур Фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Фармон ижроси доирасида Давлат божхона қўмитасида Раиснинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида ва ҳудудий бошқармаларда эса бевосита бошқарма бошлиғи раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссиялар ташкил этилди.

Комиссия зиммасига бир қатор топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди. Хусусан,

- коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат ва идоравий дастурларнинг бажарилишини таъминлаш;

- божхона ходимларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, тизимда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини ташкил этиш;

- божхона соҳасидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини оширилишини таъминлаш;

- тизимда коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотларни йиғиш ҳамда таҳлил этиш;

- божхона соҳасидаги коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

- ҳар чоракда ДБҚ комиссиясининг йиғилишларини ўтказиш, йиғилишда коррупцияга қарши курашиш соҳасида коррупциянинг ҳолати, ўсиш суръатлари ҳамда тенденцияларини, коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарадорлигини соҳалар ва йўналишлар кесимида ўрганиш ва танқидий баҳолаш вазифаларини амалга ошириш юклатилди.

“2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури” ижроси юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 36 банддан иборат “2019-2020  йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш дастури” ишлаб чиқилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, ўзаро имзоланган “Давлат божхона қўмитаси тизимида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш бўйича “Йўл харитаси” асосида жадал равишда олиб борилмоқда.

Ушбу “Йўл харитаси”да

-  соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилиш ҳамда божхона процедураларини рақамлаштириш ҳисобига божхона расмийлаштирувини соддалаштириш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш;

- коррупция билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатларни бошланиш босқичини ўзида аниқлаш ва уларга шароит яратувчи омилларни бартараф этиш;

- коррупцияга қарши қаратилган профилактика-тарғибот тадбирларини янада кучайтириш ҳамда мувофиқлик тизимини такомиллаштириш;

- божхона расмийлаштируви жараёнида инсон омилини қисқартириш;

- коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик - “compliance control” тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар, блогерлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва талабалар иштирокида ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” доирасида Давлат божхона қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида “Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида”ги Меморандум имзоланди.

Сўнгги 3 йилда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ҳамда соҳани тубдан ислоҳ қилишга қаратилган 100 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий хужжатлар қабул қилинган.

Расмийлаштирув жараёнидаги ҳужжатлар салмоғи қисқартирилиб, илгари ҳар бир расмийлаштирувда тақдим этилиши шарт бўлган 10 дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари ва  ТИФ ТН коди бўйича экспертиза хулосасини тақдим этиш каби талаблар, айрим товарларнинг экспорт жараёнида контрактларни ҳисобга қўйиш шартлари бекор қилинди.

Соҳага илғор ва инновацион технологияларни жорий қилиниши ҳисобига божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш жорий этилди. Натижада, илгари ушбу жараёнга 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 1-2 дақиқани ташкил қилмоқда.

Келгусида тизимда коррупция ва бошқа салбий иллатларни бартараф этиш борасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар янада кучайтирилади.

Шунингдек, божхона органларида “комплаенс-назорат” тизимини қўллашда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланишга, тизимда коррупцияни келтириб чиқариш хатарлари мавжуд бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказишга ҳам эътибор қаратилади.

Хавф даражаси паст бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини босқичма-босқич инсон омилини аралаштирмаган ҳолда автоматик расмийлаштиришни жорий этиш ҳам олдиндаги муҳим режалардан бири ҳисобланади.

Коррупция: хорижий мамлакатлар давлат ва хукук, тарихида унга қарши курашиш масалалари (мақола)

Коррупция: давлатга ҳам, жамиятга ҳам зиён етказади (мақола)

Шунингдек, Божхона қўмитасининг "Youtube" платформасидаги расмий саҳифасида божхона органларида коррупцияга қарши олиб борилаётган муросасиз курашга оид видеолавҳа ва роликлар ҳам жамланган.