Таҳлилий маълумот

Очиқликни таъминлашда Жамоатчилик кенгаши қандай тавсиялар беради?

Божхона органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда давлат божхона хизмати органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, ушбу йўналишдаги чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, очиқликни таъминлашда илғор, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Божхона қўмитасининг расмий веб-сайти ва Ўзбекистон Республикасининг очиқ маълумотлар порталида давлат божхона хизмати органлари фаолиятига доир очиқ маълумотларни доимий равишда ёритиш йўлга қўйилди.

Божхона қўмитаси ва ҳудудий божхона бошқармаларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий ахборот каналлари ва саҳифалари ишга туширилди.

Оммавий ахборот воситалари орқали божхона органлари фаолиятини кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерлар учун матбуот анжуманлари, брифинг ва пресс-турларни тизимли ташкил қилиш йўлга қўйилди.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Божхона қўмитаси Раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси мақомига эга бўлди. 

2023 йилда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати учун янги тўла замонавий тарзда жиҳозланган хизмат хоналари фойдаланишга туширилди, бўлим учун қўишмча тарзда 1 нафар шаҳодатланган ва 2 нафар эркин ёлланган ходимлар ажратилди. 

Шунга қарамай, божхона органлари фаолиятининг очиқлигини тўлақонли таъминлашга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

1. Божхона органлари фаолиятига доир очиқ маълумотлар рўйхати ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва кенг жамоатчилик манфаатларидан келиб чиқиб шакллантирилмаган.

Маълумки, бизнесга эндигина кириб келаётган тадбиркорлар Ўзбекистонга энг кўп импорт қилинган товарлар ёки Ўзбекистондан энг кўп экспорт қилинган товарлар ҳақидаги маълумотларнинг ишончли манбаларини излашади. 

Мазкур ахборий бўшлиқни тўлдириш мақсадида Жамоатчилик кенгаши Божхона қўмитаси томонидан тадбиркорлар учун янги электрон хизматлар жорий қилиш таклифини билдирди. Ҳозирда ушбу хизматни амалиётга тадбиқ қилишга қаратилган ташкилий ишлар бошлаб юборилди.

2. Шу вақтга қадар тарқоқ ҳолатда бўлиб келган расмий веб-сайтга ахборотлар жойлаштириш ва очиқ маълумотларни эълон қилиб боришни таъминлашга қаратилган ички идоравий ҳужжатлар 2022 йилда яхлит ҳолатга келтирилди. Аммо, шунга қарамай айрим турдаги маъулмотларни эълон қилишда ҳамон бюрократик омиллар сақланиб қолмоқда.

Масалан, ички идоравий ҳужжатлар лойиҳаларини эълон қилиш ва лойиҳа юзасидан фойдаланувчилар ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириш функцияси қўмита расмий веб-сайтида такомиллашмаган. Жамоатчилик кенгаши таклифидан сўнг ҳозирда ушбу камчиликни бартараф этиш устида ишлар олиб борилмоқда. 

3. Яна бир масала - ҳудудий божхона бошқармалари ўз фаолиятига доир очиқ маълумотларни эълон қилиб боришнинг расмий платформасига эга эмас. Божхона қўмитаси сайтида бошқармалар учун алоҳида саҳифалар ташкил қилинган бўлса-да, таркибий тузилмаларга тегишли очиқ маълумотларни ким эълон қилиб бориши юзасидан аниқ маъсуллар ички идоравий ҳужжат билан бириктирилмаган. Жамоатчилик кенгаши ушбу ҳолатни бартараф этиш юзасидан ўз тавсияларини ишлаб чиқмоқда.

4. Божхона органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ҳамда доимий равишда комплекс баҳолаш механизмлари ҳали якунига етмаган.

5. Божхона органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратилган бўлишига қарамай, бу амалда ўз самарасини бермаяпти. Ҳайъат йиғилишлари ҳақида эълон берилганда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан бу каби эълонлар эътиборсиз қолдирилмоқда.

6. Божхона органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровлар жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир умумий тартиблар асосида кўриб чиқиляпти, бу турдаги сўровларни қабул қилиш ва ҳисобини юритишнинг алоҳида механизмлари умумреспублика даражасида ишлаб чиқилмаган. Жамоатчилик кенгаши бу борадаги таклифларни ишлаб чиқиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига тақдим қилишни тавсия қилади. 

Жамоатчилик кенгаши томонидан юқорида келтирилган таклиф ва тавсиялар амалга оширилса келгусида очиқлик индексида Божхона қўмитасининг ўрнини яхшилаш, божхона соҳасига доир бир ҳил маъзмундаги маълумотларни олиш бўйича мурожаатлар сонини қисқартириш, жамоатчиликнинг божхона органларига нисбатан ишончини ошириш ва тизим нуфузини яхшилашга хизмат қилишига ишонамиз. 

Бу жараёнларда Жамоатчилик кенгаши ҳам фаол иштирок этиб, божхона ишига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнларига кенг жамоатчилик вакилларини жалб этиш орқали ушбу ҳужжатларни қабул қилиниши натижасида йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоликларнинг барвақт олдини олишга ҳам ўз ҳиссасини қўшади.

Азиза Заирова,
Жамоатчилик кенгаши аъзоси