Божхона органларига ишга қабул қилиш очиқ ва шаффоф тизим орқали амалга оширилмоқда!

Улашинг

09-04-2025

Божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда номзодларни божхона органларига ишга қабул қилиш мавзусида тарқалган материалга нисбатан қуйидагиларни маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 25 мартдаги ПҚ-122-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 12-бандига кўра божхона органларидаги хизматга ўн саккиз ёшдан кичик ва ўттиз ёшдан катта бўлмаган, шу жумладан, ўттиз ёшда бўлган, олий, профессионал (касб-ҳунар), ўрта махсус ва умумий ўрта маълумотга эга, ўзининг шахсий, ишчанлик va ахлоқий фазилатлари, соғлиғининг ҳолати va жисмоний тайёргарлигига кўра ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ихтиёрийлик ва танлов асосида қабул қилинади.

Мазкур низомнинг 10-бандига биноан хизматга муносиб номзодларни танлаб олиш мақсадида бўш лавозимлар сони ва саралаш тадбирларини ўтказиш тўғрисидаги эълонлар (аризаларни қабул қилиш муддати, номзодларга қўйиладиган талаблар кўрсатилган ҳолда) оммавий ахборот воситаларида, жумладан, божхона органларининг расмий веб-сайтида берилади.

Шунингдек, ишга кириш истагида бўлган номзодлар учун ишга қабул қилишнинг шаффоф тизимини ўз ичига олган ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу тизим орқали номзодлар мустақил ва ихтиёрий тарзда онлайн шаклда ишга кириш учун электрон ариза юборишлари мумкин бўлади ҳамда аризалари қабул қиилнган номзодларнинг топширган синов босқичлари натижаларини эълон қилиш имкониятини беради.

Бу эса ўз навбатида танлов жараёнларини янада очиқ ва шаффоф ўтказилишини ҳамда коррупция, манфаатлар тўқнашувининг олдини олишни таъминлайди.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил
25 мартдаги ПҚ-122-сон қарорига асосан номзодларни хизматга танлаб олиш тадбирлари қуйидаги саралаш босқичларини ўз ичига олади:

а) дастлабки саралаш босқичи:

– рўйхатдан ўтиш;

– дастлабки тест синовлари;

– психологик ўрганиш (ва психоэмоционал барқарорлигини баҳолаш);

– жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;

– номзодни дастлабки ўрганиш (ҳужжатларни йиғиш ва ўрганиш, ушбу Низомда белгиланган умумий талабларга мос келишини текшириш);

– тиббий кўрик (номзодларга хизматга яроқлилик даражасини аниқлаш мақсадида ички ишлар органлари ҳарбий-тиббий комиссияларига йўлланма берилади);

– махсус текширув;

б) якуний саралаш босқичи:

– якка тартибдаги суҳбат (номзоднинг фикрлаш салоҳияти, билим даражаси ва хизмат ўташга руҳан тайёрлиги даражасини баҳолаш).

Бунда:

– дастлабки тест синовлари номзодларнинг бошланғич ва ўрта даражадаги билими ҳамда дунё қарашини аниқлаш мақсадида, шунингдек, психологик ўрганиш эса номзоднинг интеллектуал ривожланганлик даражасини баҳолаш учун ўтказилади.

– божхона органлари ҳарбийлаштирилган орган бўлганлиги ҳамда ушбу орган ходимлари мамлакатимиз чегаралари ва ички ҳудудида рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларга тайёр бўлиши лозимлиги сабабли номзодлардан жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш синови ўтказилади ҳамда хизматни ўташга яроқлилигини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказилади.

Шунингдек, номзодларни хизматга танлаб олиш бўйича юқорида келтирилган саралаш босқичлари белгиланган кетма-кетликда амалга оширилиб, бир босқичдан ўтолмаган номзод кейинги саралаш босқичига жалб этилмайди.

Маълумот учун: Илгари номзодлар якуний суҳбатга кириши чоғида дастлабки саралаш босқичларидан ўтолмаганликлари учун номзодлар сафидан чиқарилардилар ҳамда бу амалиёт номзодларнинг ҳақли эътирозига ва ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлар эди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида бизнес муҳити яхшиланиб, турли давлатлар билан иқтисодий ҳамкорлик кенгаймоқда. Жумладан, Хитой, Франция va Жанубий Корея каби мамлакатлардан сармоялар оқими ортиб бормоқда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси чегара ўтказиш пунктларида жойлашган божхона постларида хитой, француз va корейс тилларида эркин сўзлаша оладиган, малакали ходимларга бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда.

Ушбу кадрлар юқоридаги давлатлардан Ўзбекистон Республикасига илк бор кириб келаётган хорижий фуқаролар, инвесторлар va туристлар билан божхона органлари ўртасидаги самарали va самимий мулоқотни таъминлайди ҳамда мазкур фуқароларда мамлакатимизга нисбатан ижобий фикр уйғотади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Божхона қўмитасининг тегишли фармойиши асосида божхона органларидаги мавжуд бўш 20 нафар инспектор ва кичик инспектор лавозимларини муносиб номзодлар билан тўлдириш мақсадида танлов эълон қилинган бўлиб, мазкур танлов ҳақида оммавий ахборот воситаларида, жумладан, божхона органларининг расмий веб-сайтида эълонлар берилди.

Танловга ихтиёрий равишда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ёши ўн еттидан кам бўлмаган ва ўттиз ёшдан ошмаган, олий маълумотга эга, корейс, француз, хитой тилларидан бирини мукаммал биладиган, ўзининг шахсий, ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари, соғлиғининг ҳолати va жисмоний тайёргарлигига кўра ходимнинг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир - бўйи 160 сантиметрдан паст бўлмаган аёллар ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ёки сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ёхуд олий ўқув юртларида ҳарбий тайёргарликдан ўтган – бўйи 165 сантиметрдан паст бўлмаган эркаклар иштирок этиши мумкин деб белгиланди.

Ҳозирда танлов босқичлари амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: 2024 йил давомида 3 маротаба ҳудудий бошқармалар божхона постларидаги мавжуд бўш 115 нафар инспектор ва 5 нафар кичик инспектор лавозимларига танлов эълон қилиниб, уларда номзодлар учун рус ёки хорижий тиллардан бирини билиш талаби қўйилган.

Мазкур танловларда жами 18 375 нафардан ортиқ номзодлар ушбу саралаш тадбирларида иштирок этиш учун божхона органларига қабул қилишнинг Шаффоф тизими орқали онлайн тарзда электрон ариза билан мурожаат қилишган.

Шу боисдан божхонага шига кириш истагида бўлган, аммо юқорида таъкидланган корейс, хитой ва франйуз тилларидан бошқа хорижий тилларни ўзлаштирган номзоздларга навбатдаги танловлар эълон қилинишини кутишларини сўраймиз.

Танлов Божхона қўмитасининг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинади.

Божхона қўмитаси ўз фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини маълум қилади.