Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистонга келаётган туристлар оқими кескин кўпаймоқда!

Улашинг

21-03-2025

Ўзбекистоннинг сўнггги йилларда қўшни давлатлар билан тобора кенгайиб, мустаҳамкаланаётган ўзаро дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари Наврўз кунлари ўзгача бўйи баст билан намоён бўлмоқда.
 
Нафақат Наврўз шукуҳи, балки мамлакатнинг туристик жозибадорлиги ҳам тобора ошиб бораётгани ва бугундан минтақадаги умумтаълим мактабларида баҳорги
таътилнинг бошлангани муносабати билан 21 март санасида Ўзбекистоннинг барча чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган йўловчилар ва транспорт
воситалари оқими бир неча бор ўсиши кузатилмоқда.
 
Шуни олдиндан прогноз қилган ҳолда ҳозирда чегара божхона постларига қўшимча ходимлар ва ресурслар сафарбар қилинган!

Масалан, Қозоғистон билан чегарадаги “Навоий” чегара божхона пости орқали ҳаракатланаётган фуқаролар сони суткасига 33 мингдан, енгил автотранспортлар эса 1.5 мингдан  ошиб кетди.

Бугун соат 15.00 ҳолатига кўра, пост орқали 25 мингга яқин йўловчилар ва мингдан ортиқ енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланди.

Албатта, март-апрель ойлари ҳар қандай турист учун Ўзбекистоннинг қадимий шахарлари Самарқанд, Бухоро, Урганчни, замонавий туристик объектларга бой бўлган пойтахт азим Тошкентни, тоғли худудларда қурилган дам олиш масканларини зиёрат қилиш учун жуда қулай вақт ҳисобланади.

Шуни инобатга олган ҳолда қулай туристик логистикани ташкил этиш мақсадида божхона пости ёнида барпо этилган божхона терминалида туристик автобуслар учун барча зарур шароитлар яратилган.

Чегара орқали фуқаролар ва транспорт воситаларини ўтказишни тезлаштириш, йўловчиларга шароит яратиш мақсадида божхона ва чегара хизматлари томонидан қўшимча кучлар сафарбар этилиб, иш туну кун тўхтовсиз ташкил этилмоқда.

Қозоғистон билан чегарадаги "Ғишткўприк" ва "Доут ота" чегара божхона постларининг ўтказувчанлигини оширишга қаратилган ҳозирги улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунига етгач, фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатидаги тезкорлик яна бир неча карра ўсади!