“Яшил макон” дастури доирасида амалга ошириладиган ишларни ўрганиш бўйича семинар бўлиб ўтди

Улашинг

25-03-2025

Мўйноқ туманида аҳоли томорқасини экишга тайёрлаш, аҳоли хонадонларини ободонлаштириш ва “Яшил макон” дастури доирасида амалга ошириладиган ишларни ўрганиш бўйича семинар бўлиб ўтди.

Унда Республика ишчи гуруҳ аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи З.Турдалиев қатнашиб, аҳоли даромадини ошириш ва яшил ҳудудларни барпо этиш ишларини ўрганди. 

Дастлаб,   иштирокчилар “Ҳаким ота Сулаймон Бокирғоний” мақбараси атрофида “Долзарб бир ойлик” дастури ва “Яшил макон” умуммиллий лоийҳаси доирасида кўчат экиш ишларига старт беришди. Таъкидлаш жоизки, мазкур тадбирлар доирасида туманда 59 гектар ер майдонда жами 280 минг кўчат экилиши назарда тутилган. 

Сўнгра «Ҳаким ота» ОФЙда истиқомат қилувчи Ерназар Жанабаев томорқаси бориб кўрилди. 12 сотих томорқа майдонига эга бўлган фуқаро ҳозирда унинг 2,5 сотихида иссиқхона ташкил этиб, бодринг ва помидор етиштирмоқда. Қўшимча тарзда эса биогумус, паррандачилик ва қуёнчилик билан шуғулланиб келмоқда. 

Шунингдек, мазкур ОФЙ ҳудудида яшовчи Тангбаев Аманбай томорқасида 1 сотих майдонда янгидан ташкил этилган иссиқхона ҳамда балиқчилик билан шуғулланиш учун барпо қилинган махсус жиҳозлар, Зульфат Жиемуратовнинг боғдорчилик ва иссиқхонадан ташқари паррандачилик ва асаларичилик фаолиятлари Ҳоким ёрдамчилари иштирокида ўрганилди.

Семинар иштирокчиларига “Бир маҳаллада – бир маҳсулот” тамойили асосида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш, томорқа майдонлари четларига кўчат экиш орқали даромад манбаларини кўпайтириш бўйича кенг тушунчалар берилди. 

Семинар давомида ҳунармандчилик ва деҳқончилик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. 

Бу каби тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳам Мўйноқ тумани аҳолиси даромадини ошириб, яшаш шароитларини яхшилаш ва туман инфратузилмасини ривожлантиришдан иборат.